Хитой хорижий активларни АҚШнинг эҳтимолий санкцияларидан ҳимоялаш чораларини кўрмоқда
Хитойнинг Тайванга бостириб кириши санкциялар учун эҳтимолий сабаб бўлиши мумкин.
Хитой регуляторлари хорижий активларни АҚШнинг потенциал санкцияларидан ҳимоялаш йўлларини муҳокама қилиш учун банклар раҳбариятлари билан учрашди. Financial Times манбаларига кўра, Пекин «минтақавий ҳарбий можаро ёки бошқа инқироз юзага келган тақдирда» Россияга нисбатан қўлланиладиган чекловларга ўхшаш тақиқлар жорий этилишидан қўрқади.
Қайд этилишича, 22 апрель куни бўлиб ўтган ички конференцияда Марказий банк, ХХР Молия вазирлиги, йирик хорижий ва Хитой банклари вакиллари иштирок этди.
Учрашув Молия вазирлигининг юқори мартабали мулозимининг Пекин АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг Россия Марказий банкининг доллар активларини музлатиб қўйиш қобилиятидан хавотирда экани ҳақидаги сўзлари билан бошланди.
Учрашувда Хитойга қарши санкциялар қўлланилиши мумкин бўлган сценарийлар ҳақида сўз юритилмаган. FT маълумотларига кўра, Тайванга бостириб кириш эҳтимолий сабаб бўлиши мумкин.
Британия газетаси манбаларидан бири «Хитой ва Ғарб иқтисодиётларининг ажралиши Россияга қараганда анча жиддийроқ бўлишини» таъкидлади, чунки «Хитойнинг иқтисодий таъсири дунёнинг барча қисмларига таъсир қилади».
Бошқа бир FT манбасига кўра, Хитой банк тизими доллар активларини музлатиш ёки SWIFT билан алоқани узишга тайёр эмас.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Япония ва бошқа бир қатор давлатлар Украинага Владимир Путин буйруғи билан 24 февралда бошланган босқинга жавобан Россияга қарши санкциялар жорий қилди.
Оқибатда мамлакат олтин-валюта захираларининг ярми — қарийб 300 миллиард доллар музлатиб қўйилди. Йирик банклар SWIFT дан узилди.