Тадбиркорлик субъектларининг айланмаси олти ойда 650 трлн сўмдан ошди
Ўзбекистонда 2022 йилнинг биринчи ярмида 336 минг 408 та тадбиркорлик субъекти 650,4 трлн сўмлик маҳсулот ва хизматлар айланмасини амалга оширди. Маълум бўлишича, шундан 198,6 трлн сўми солиққа тортилмайдиган имтиёзли айланмалар ҳисобланади.
Ўзбекистонда 2022 йилнинг биринчи ярмида 336 минг 408 та тадбиркорлик субъекти 650,4 триллион сўмлик маҳсулот ва хизматлар айланмаси амалга оширди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, шундан 198,6 триллион сўми солиққа тортилмайдиган имтиёзли айланмалар ҳисобланади. Фаолият турлари кесимида умумий айланма ҳажмининг 43,7 фоизи саноат тармоғида фаолият юритувчи 40 минг 656 тадбиркорлик субъекти томонидан амалга оширилган. Уларнинг биринчи ярим йилликда товар айланмаси 284,5 триллион сўмга етган.
Жами товар айланмасининг чорак қисмидан кўпроғи 168,3 триллион сўм (25,9 фоиз) савдо соҳасида фаолият юритувчи 132 минг 603 та субъект томонидан амалга оширилган.
Товар айланмасининг қолган қисми қуйидаги йўналишлар бўйича тақсимланган:
- қурилиш — 50 триллион сўм (7,7 фоиз);
- ташиш ва сақлаш — 30,4 триллион сўм (4,7 фоиз);
- қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги — 21,7 триллион сўм (3,3 фоиз);
- ахборот ва алоқа — 11 триллион сўм (1,7 фоиз);
- яшаш ва овқатланиш хизматлари — 5,4 триллион сўм (0,8 фоиз);
- соғлиқни сақлаш — 2,5 триллион сўм (0,4 фоиз);
- бошқа тармоқлар — 76,6 триллион сўм (11,8 фоиз).
Аввалроқ Ўзбекистонда сўнгги икки ойдаги солиқ тушумлари ҳажми салкам 21 фоизга ошгани хабар қилинганди. Қайд этилишича, Сирдарё (52 фоиз), Бухоро (45,2 фоиз), Наманган (40,6 фоиз), Фарғона (40,4 фоиз), Қашқадарё (39,8 фоиз) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (62 фоиз) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.