Президент Мурод Назаров қураётган бинолар ҳақида гапирди
Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда Мурод Назаров компанияси қураётган бинолар ҳақида гапириб ўтди. «Менга у қураётган бинонинг тепасидан Тошкент вилояти, Жиззах ҳам кўринади дейишяпти», — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев 22 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда Мурод Назаров компанияси қураётган бинолар ҳақида гапириб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.
Унга кўра, Президент Мурод Назаров компанияси қураётган бинодан Жиззах ҳам кўринаётгани ҳақида гапирган.
«1 йил давомида тадбиркорлар томонидан 55 мингдан ортиқ бизнес учун бинолар қурилди. Яъни, тадбиркорлар келажакка ишониб, кўчмас мулкка инвестицияларни кўпайтирмоқда. Мана, атрофимизда ҳам кўринглар, қандай-қандай баланд бинолар қад ростлади. Murad Buildings раҳбари ўтирибди. Менга у қураётган бинонинг тепасидан Тошкент вилояти, Жиззах ҳам кўринади дейишяпти», — деган Президент.
Мурод Назаров эса бунга жавобан Tashkent city ҳудудида қурилаётган бинонинг юқори қаватидан Қозоғистон чегарасигача кўринаётгани, бино баҳор фаслига қуриб битказилишини маълум қилди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев корхоналарни микро, кичик ва ўрта бизнес тоифаларига ажратиш ташаббусини билдирганди.
Микро бизнес эгалари ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод қилинади.
Шунингдек, давлат раҳбари айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган корхоналар фойда солиғини 2 баравар кам тўлашини маълум қилди.
Учрашувда Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкаси 12 фоизга туширилиши маълум қилинди.