Ўзбекистондаги 98 фоиз аҳоли яшаш жойлари мобил алоқа билан қамраб олинади
Ўзбекистонда аҳоли яшаш масканларини мобил алоқа тармоғи билан қамраб олиш даражаси 98 фоизга, халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлларида мобил интернет қамрови 60 фоизга етказилади.
Ўзбекистонда аҳоли яшаш масканларини мобил алоқа тармоғи билан қамраб олиш даражаси 98 фоизга етказилади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram каналида хабар берилди.
Маълум бўлишича, «2022–2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинган. Ҳужжатга мувофиқ, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини 2022–2023 йилларда янада ривожлантиришнинг асосий вазифалари белгиланган.
Таъкидланишича, 2022 йил якунигача аҳоли яшаш масканларини мобил алоқа тармоғи билан қамраб олиш даражаси 98 фоизга, халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлларида мобил интернет қамрови 60 фоизга етказилади. 40 минг километр оптик толали алоқа линияларини қуриш орқали қамров 80 фоизга етказилади.
Шунингдек, электрон давлат хизматлари кўрсатилишига хусусий секторни жалб қилиш орқали фойдаланувчилар сони 2 баробарга етказилади. 2023 йил якунигача эса рақамли технологиялар соҳасида йилига 6,5 минг нафардан ортиқ ёшларнинг ахборот технологиялари йўналишида таълим олиши йўлга қўйилади. Давлат органлари, шу жумладан маҳаллий ҳокимлик органларида ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларидаги корхоналарда 214 та ахборот тизими ва дастурий маҳсулотлар жорий этилади.
2022 йил 1 сентябрдан республиканинг барча ҳудудларида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали масофавий хизматларни экспорт қилиш марказлари босқичма-босқич ташкил этилади. 2023 йил 1 январдан тегишли давлат органлари (24 та) расмий веб-сайти ва порталларини «Ягона дарча» тамойили асосида ўз ичига олувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали ягона платформаси ишга туширилади.
Аввалроқ Президентнинг «2022–2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзолангани ва ҳужжат билан Ўзбекистонда мобил алоқа операторлари, тижорат банклари ҳамда тўлов тизимлари операторларига мобил иловалари орқали my.gov.uz хизматларини кўрсатишга рухсат берилиши хабар қилинганди.