АҚШ ўзбек пахтасига қўйилган чекловларни олиб ташлади
АҚШ Меҳнат вазирлигининг дунёдаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳисоботи эълон қилинди. Бу эса тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш имкониятини очади

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълум қилишича, 28 сентябрь куни АҚШ Меҳнат вазирлиги «Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати-2022» йиллик ҳисоботини эълон қилган.
Унга кўра, ўзбек пахтаси мажбурий ҳамда болалар меҳнати орқали ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқарилди. Бу Ўзбекистоннинг пахта маҳсулотларини АҚШга экспорт қилиш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш учун янги имкониятларни яратади.
Мазкур қарор Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2021 йилги пахта ҳосили мониторинги давомида тизимли мажбурий меҳнат аниқланмаганлигини сабабли қабул қилинди. Ҳисоботда ўзбек пахтаси ушбу рўйхатдан чиқарилиши сабаблари сифатида Шавкат Мирзиёев иқтисодий ислоҳотларни олға сура бошлаган 2017 йилдан буён Ўзбекистонда пахта саноатидаги жиддий ўзгаришлар билан боғлиқлиги айтиб ўтилган.
Маълумот учун, ўзбек пахтаси 2009 йилда болалар ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатига киритилган. Шу билан бирга, 2018 йилда халқаро кузатувчилар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан олиб борилган мониторинг ва тадқиқот натижаларига кўра, АҚШ Меҳнат департаменти ўзбек пахтасини болалар меҳнати билан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқариб ташлаган эди. Бироқ, мазкур маҳсулот мажбурий меҳнат билан ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатида сақланиб келаётганди. Бугунги кунга келиб ўзбек пахтаси ушбу рўйхатдан бутунлай чиқариб ташланди.






