АҚШда электромобилларни ҳаракат пайтида қувватлайдиган йўл қурилади
Мичиган штати лойиҳага 1,9 млн доллар ажратишни режалаштирмоқда.

Electreon Wireless компанияси Мичиган штатининг Детройт шаҳрида электр транспорт воситаларини қувватлантирадиган 1,5 километр узунликдаги йўлни қуради. Бу ҳақда Business Insider хабар берди.
Маълум қилинишича, Исроилнинг Electreon Wireless компанияси АҚШда электр транспорт воситаларини ҳаракатланаётган вақтида зарядлаш имконини берувчи биринчи йўл қурмоқда. Стартап 2023 йилда Детройтга симсиз зарядлаш технологиясини олиб кириш учун Ford ва DTE билан ҳамкорлик қилади. Инфратузилма аллақачон Швеция, Исроил ва Италия йўлларида амалга оширилган.
Электрлаштирилган йўл тахминан 1,5 километрга чўзилади ва Мичиган штатидаги Детройт марказий вокзали ёнида, Ford «инновацион ҳаракатчанлик тумани»га айлантираётган ташландиқ темир йўл ҳовлиси ёнида жойлашган бўлади. Штат лойиҳага 1,9 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда. Electreon’га кўра лойиҳа 2023 йилгача тўлиқ ишга тушади.
Йўл электр транспорт воситаларини ҳаракатланаётган ёки тўхтаб турган ҳолатда индуктив зарядлаш деб аталадиган тизим орқали қувватлайди. Тизим ер остига кўмилган металл ғалтаклардан қувватни электр транспорт воситасининг пастки қисмидаги махсус қабул қилувчига ўтказиш учун электромагнит тўлқинлардан фойдаланади.
Axios компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, қабул қилгични ўрнатиш ҳар бир автомобиль учун 3000 доллардан 4000 долларгача туради. Бироқ, Electreon нархни 1000–1500 долларга яқинлаштиришга умид қилмоқда.
Хабар берилишича, ҳар 5 электромобиль эгаларидан бири газ билан ишлайдиган машинага қайтган, чунки зарядлаш жуда кўп «қийинчилик туғдиради». Маълумотларга кўра, аккумуляторларнинг ҳолати билан боғлиқ ташвиш электр транспорт воситаларининг тижорат ҳаётийлигини чекловчи асосий омилга айланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда электромобилларни қуёш энергияси ёрдамида зарядловчи қурилма яратилгани хабар қилинганди.






