Artel ўзига йирик солиқ имтиёзлари берилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
Компания ўз таркибига кирувчи корхоналарда қанча ишчи-ходим фаолият юритиши ҳақида маълумот берди.
Artel компаниясига йирик солиқ имтиёзлари берилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Компания матбуот хизмати ушбу хабарларга муносабат билдирди.
Artel компанияси ижтимоий тармоқда муҳокамага сабаб бўлган маълумотларга нисбатан баёнот берди.
Маълум қилинишича, Artel компанияси таркибига кирувчи корхоналарда ҳозирги кунда 10 мингдан зиёд ишчи-ходимлар фаолият юритади. Уларнинг 2021 йил учун йиллик даромади 386 миллиарддан ошган.
Хабарга кўра, 2020 йил учун компания тўлаган солиқ ва мажбурий тўловлар давлат бюджетига тушган жами солиқ тушумларининг 0,6 фоизини ташкил этган (103,6 триллион сўмдан 0,63 триллион сўмгача). 2021 йилда давлат ва маҳаллий буджетга 699 млрд сўмдан ортиқ солиқ ва божхона тўловлари амалга оширилган.
Қайд этилишича, компания 2020 йилда 80 миллион АҚШ доллари ва 2021 йилда 100 миллион АҚШ доллари миқдорида экспортни амалга оширган.
Шунингдек, 2022 йилдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар натижасида компания учун мол-мулк солиқ ҳисоблаш базаси 2,1 баробарга ортган.
«Электротехника соҳасини ривожлантириш учун Oʻzeltexsanoat таркибига кирувчи ва электротехника саноатининг барча ишлаб чиқарувчилари муайян солиқ имтиёзларига эга. Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 мартдаги қарорида кўрсатилган имтиёзлардан Artel компанияси Oʻzeltexsanoat таркибига кирувчи 100 дан ортиқ корхоналар билан тенг ҳуқуқда фойдаланади. Яъни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида Artel компанияси учун махсус ёки алоҳида тартибда имтиёзлар берилмаган», дейилади хабарда.