«Асака банк»нинг 2 нафар ходимига қидирув эълон қилинди. Улар банкка 503 минг доллар зарар етказган
Жиноий гуруҳнинг қўлга олинган аъзолари суд олдида жавоб бермоқда.

«Асакабанк» АЖнинг 3 нафар ходими 2 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредитни қўлга киритиш мақсадида икки нафар тадбиркор билан ўзаро жиноий тил бириктирди. Бу ҳақда Миллий ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, «Асакабанк» АЖ Бухоро вилояти филиали бошқарувчиси Муродов (собиқ), кредитлаш бўлими бошлиғи Ядгаров, «Асакабанк» АЖнинг бош офиси Ички аудит хизмати бошлиғи Идиев Осиё тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган 2 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредитни қўлга киритиш мақсадида «Grand Buxara Agro» МЧЖ раҳбари Бахронов, «Kafil sug’urta» МЧЖнинг Бухоро филиали мудири Абдураҳмонов билан ўзаро жиноий тил бириктирган.
Жиноий келишув натижасида хорижий валюта асл нархидан икки баравар қимматга келишилган иссиқхона мажмуасини сотиб олишга йўналтирилган. Кредит қайтарилишини таъминотсиз қолдириб, давлат ва банк манфаатларига 503 минг доллар миқдорида зарар етказилган.
«Ҳозирда банк собиқ бошқарувчиси Муродов ва бош офис Ички аудит хизмати бошлиғи Идиевга қидирув эълон қилинган. Жиноий гуруҳнинг қолган аъзолари суд олдида жавоб бермоқда», дейилади хабарда.
Аввалроқ «Асакабанк»ни хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда трансформация қилиш ҳамда хусусийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш режалаштирилаётгани хабар қилинганди.






