Brabus ўз тарихидаги биринчи мотоциклни тақдим этди (фото)
Мотоцикл Magma Red ва Signature Black рангларида сотувга чиқарилади.

Brabus ўз тарихидаги биринчи мотоциклни тақдим этди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.
Маълум қилинишича, Brabus тюнинг студияси Brabus 1300 R’ни тақдим этган — бу компания тарихидаги биринчи мотоцикл.

Немис мутахассислари Brabus 1300 R учун Австриянинг KTM 1290 Super Duke R Evo мотоциклини асос қилиб олган. У махсус углерод толали суйри деталь, янги эгар, оригинал 9 тишли Monoblock Z ғилдираклари, янги фара ва махсус декорацияга эга бўлган. 180 от кучига эга 1,3 литрли V2 двигатели, WP ярим фаол суспензияси ва бошқа техник қисмлар стандарт бўлиб қолган.

Brabus 1300 R иккита версияда — Magma Red ва Signature Black рангларида сотувга чиқарилади. Уларнинг ҳар бири тюнинг студияси ташкил этилган йил шарафига 77 та нусхада ишлаб чиқарилади.

Аввалроқ Brabus тюнинг студияси G-Class’ни 800 от кучига эга пикапга айлантиргани хабар қилинганди.






