Дефолт ёқасидаги компания. Evergrande асосчиси яна 64 млн долларлик акцияларини сотди
Битим қиймати ошкор этилмаган.

Хитойнинг Evergrande девелопери асосчиси Хуэй Ка Янь компаниянинг гаровга қўйилган акцияларини 64 миллион долларга сотди, деб ёзади Bloomberg Гонконг фонд биржасининг 10 декабрь куни тақдим этган маълумотларига таяниб.
Маълум қилинишича, 277,8 миллион дона акциянинг сотилиши унинг улушини 61,88 фоиздан 59,78 фоизга қисқартиради. Битим қиймати ошкор этилмаган, бироқ Bloomberg ушбу ҳафта сотув вақтидаги ўртача нархдан келиб чиқиб, нархни 498 миллион Гонконг доллари (64 миллион доллар)га баҳоламоқда.
Нашрнинг ёзишича, миллиардер маблағ тўплаш учун акцияларни гаровга қўйган, чунки унинг гуруҳи 300 миллиард доллардан ортиқ мажбуриятлар оғирлиги остида дефолт ёқасида турибди.
Акцияларни мажбурий сотиш 6 декабрда, Evergrande кредиторлар билан оффшор қарзларини қайта тузиш режаси устида ишлашни режалаштираётганини айтганидан кейинги биринчи иш кунида бошланган. Биржа ҳисоботларига кўра, улар 9 декабрь, пайшанба кунига қадар тўрт савдо куни давом этган.
Бу Хуэй ноябрь ойи охирида 1,2 миллиард акцияларни сотганидан кейинги навбатдаги сотув ҳисобланади. Ҳужжатларда харидорлар ошкор қилинмаган, шунинг учун сотувлар Хуэй октябрь ойида сотишни ваъда қилган 500 миллион акциянинг бир қисми бўлганми ёки йўқми, аниқ эмас.
Evergrande Хитойнинг энг йирик ва энг кўп қарздорликка эга кўчмас мулк ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Июнь ойи ҳолатига кўра, Evergrande’нинг қарз мажбуриятлари 300 миллиард доллардан ошди. Сентябрь ойида компания доллардаги облигациялари эгаларига ўз вақтида тўламай, дефолт ёқасида қолди.
Шундан сўнг Хитой расмийлари компания таъсисчисидан қарзларни ўз маблағлари ҳисобидан тўлашни талаб қилди. Компания раҳбари Хуэй Ка Янь компания мажбуриятларини тўлаш учун ўз активларини сотишни бошлади. Forbes Real-Time маълумотларига кўра, Хуэй Ка Яннинг бойлиги 9,1 миллиард долларни ташкил қилади.
Аввалроқ миллиардер Хуэй Ка Янь активлар сотувидан тушган ўз маблағидан тахминан 7 миллиард юань (1 миллиард доллар)ни компания қарзларини тўлаш учун сарфлагани ҳақида хабар берилганди.






