Дунё бўйлаб озиқ-овқат нархлари 2022 йилда ҳам ошишда давом этади
Нархлар 2021 йилдаги табиий офатлар сабаб кескин кўтарилганди.

Озиқ-овқат нархларининг 2021 йилдаги ошиш тенденцияси 2022 йилда ҳам давом этади. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
2021 йилдаги экстремал об-ҳаво ҳодисалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг кескин кўтарилишига олиб келган. Нархлар 2022 йилгача юқорилигича қолмоқда, чунки экинларга зарар етказаётган ноодатий шароитлар доимий танқисликка олиб келди.
Бразилия қаҳваси, Бельгия картошкаси ва протеин ўрнини босувчи сифатида талабгир бўлган Канада сариқ нўхати каби товарлар нархи 2021 йили юқори ҳарорат ва сув тошқини туфайли кескин кўтарилган.
Олимларнинг огоҳлантиришича, иқлим ўзгариши тезлашгани сари бундай ҳолатлар кўпаяди.
Шунингдек, 2021 йилда шакар ва буғдой каби асосий маҳсулотлар нархининг ошишига пандемия оқибатида келиб чиққан логистика муаммолари ва истеъмол одатларининг ўзгариши ҳам сабаб бўлган.
Стокгольм атроф-муҳит институти ҳисоботига кўра, қишлоқ хўжалиги иқлим ўзгаришига энг таъсирчан тармоқлардан бири бўлиб, у экстремал об-ҳаво ҳодисалари ва иқлим шароитидаги узоқ муддатли ўзгаришлар ҳавфи остида қолмоқда.
2021 йилнинг ўрталарида ҳам бутун дунё бўйлаб содир бўлган экстремал об-ҳаво ҳодисалари бир қатор экинларга зарар етказган ва бу нархларнинг ошишига олиб келганди.
Қайд этилишича, июль ойида Бразилиядаги қаттиқ совуқлар мамлакатда қаҳва етиштириш жараёнига таъсир қилиб, нархларни қарийб етти йиллик максимал даражага кўтарган. Глобал таъминот занжирининг узилиши ва контейнер кемаларининг етишмаслиги ҳам йил охирида нархларнинг ошишига олиб келган.
Канадада эса 2021 йилнинг ўрталарида аввал кузатилмаган иссиқлик тўлқини ва қурғоқчилик ишлаб чиқаришга таъсир қилган ва нўхат нархини кескин оширган. Мазкур мамлакатда нўхатнинг нархи икки баравардан кўпроқ ошган. Бу эса ўз навбатида нўхатдан ўсимлик асосидаги гўшт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқарувчиларга таъсир қилган.
Бельгия картошкасининг нархи ҳам қитъанинг ёзида Европанинг катта ҳудудларини сув босганидан кейин кўтарилди.
Стокгольм атроф-муҳит институти тадқиқотчилари ўз ҳисоботида иқлим ўзгариши бутун дунё бўйлаб қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига кескин таъсир кўрсатишини ва маълум ҳудудларда ҳосилдорликни камайтиришини қайд этган.
Хисоботга кўра, паст ҳосилдорлик ва юқори нархлар камроқ бардошли, импортга қарам бўлган мамлакатларда озиқ-овқат хавфсизлигини пасайтириши ва бутун дунё бўйлаб истеъмолчилар учун қўшимча харажатларни келтириб чиқариши мумкин.
Мамлакатларнинг экстремал ҳодисалар ва танқисликларга қарши захиралар тўплаш ёки савдо чекловларини жорий этиш каби сиёсати эса инқирозларни кучайтириши мумкин.






