ЕТТБ ва ЕИ Ўзбекистонда радиоактив чиқиндилар мавжуд ҳудудларни экологик соғломлаштиришга 2 млн евро ажратади
Ўзбекистондаги радиоактив чиқинди ҳажми 4 млн тоннани ташкил қилади.

Ўзбекистонда радиоактив чиқиндиларни зарарсизлантиришга ЕТТБ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар ҳомийлигида 2 миллион евролик грант ажратилади. Бу ҳақда АОКАда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Хабарга кўра, Ўзбекистонда Совет Иттифоқи даврида уран конлари фаолияти натижасида 4 миллион тонна радиоактив чиқинди тўпланиб қолган. Шунингдек, бу муаммо Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам мавжуд (масалан, Қозоғистонда — 240 миллион тонна).
Қайд этилишича, радиоактив чиқиндилар жойлашган ҳудудларни экологик соғломлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа Иттифоқи ҳамда қатор давлатларнинг ҳомийлиги ёрдамида 2 миллион евро миқдорида биринчи грант ажратилиши бўйича қарор қабул қилинган.
Бундан ташқари, радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти ўтказган текширувларда 1920 та камчилик аниқланган. Шунингдек, 2019–2021 йилларда ядровий тиббиёт ҳамда саратон касаллигига қарши курашишни ривожлантириш мақсадида 3 та радиотерапия аппарати олиб келинган.
Аввалроқ Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига 19,5 миллион евро ажратгани хабар қилинганди. Шунингдек, Европа комиссияси Ўзбекистонга 83 миллион евролик грантлар ажратиши ҳақида хабар берилди.






