Европа Иттифоқи алоқа йўлдошлари туркумини яратиш учун 6 млрд евро сарфлайди
Европа Комиссияси ушбу мақсадлар учун ўз бюджетидан 2,4 млрд евро ажратиш ниятида.

Европа Иттифоқи ўзининг алоқа йўлдошлари туркумини яратиш учун 6 миллиард евро сарфлайди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Маълум қилинишича, Европа Иттифоқи аъзо давлатлар учун хавфсиз алоқани таъминлаш мақсадида паст Ер орбитасида алоқа сунъий йўлдошлари туркумини яратиш учун 6 миллиард евро (6,8 миллиард доллар) сарфлашни режалаштирмоқда.
Еврокомиссия бу мақсадлар учун ўз бюджетидан 2,4 миллиард евро сарфлаш ниятида. Қолган маблағлар Европа Иттифоқининг турли мамлакатлари ва саноат гуруҳларидан келиши керак.
Европанинг ички бозор бўйича комиссари Терри Бретоннинг фикрича, Европа ўзининг сунъий йўлдошлари «бурж»ига эга бўлиши керак. Бу каби режалар Европа ва Африкада кенг полосали уланишни яхшилаш билан бирга Европа Иттифоқи мамлакатлари киберхавфсизлигини яхшилашга ёрдам беради.
«Бу бизнинг стратегик ва техник суверенитетимиз нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга», — деган Бретон.
Қайд этилишича, ушбу лойиҳанинг энг яқин аналоги Британиянинг OneWeb компанияси томонидан амалга оширилган дастурдир. OneWeb паст орбитали космик кемаси истеъмолчиларни тўғридан-тўғри сунъий йўлдош алоқаси орқали юқори тезликдаги Интернет билан таъминлаш учун мўлжалланган. Ҳозир гуруҳда 428 та қурилма мавжуд. Уларнинг барчаси Россиянинг «Союз» ракета-ташувчилари томонидан учирилган.
Шунингдек, бу соҳадаги энг йирик ўйинчи Starlink микросателлит туркумига эга Америкалик тадбиркор Илон Маскнинг SpaceX компаниясидир. Компания ўзининг Falcon 9 ракетаси ёрдамида сунъий йўлдошларни АҚШ космик кучларининг Ванденберг (Калифорния) ва Канаверал бурни (Флорида) базаларининг ижарага олинган жойларидан, шунингдек, NASA’нинг Жон Кеннеди номидаги Коинот марказидан учирмоқда.
Улар Ерга яқин орбитага асосан йирик партияларда (60 та қурилмагача) чиқарилади. Умуман олганда, 2022 йил 7 январга қадар лойиҳа доирасида 1942 та Starlink сунъий йўлдошлари (шу жумладан синов учун мўлжалланганлари) учирилган.
Аввалроқ Европа космик агентлиги Илон Маскнинг устидан шикоят қилгани хабар қилинганди. Шунингдек, NASA Маскнинг компанияси яна 30 мингта сунъий йўлдошни Ер орбитасига олиб чиқишидан хавотирдалиги ҳақида хабар берилди.






