Гўштнинг нархи ёғингарчиликка боғлиқми?
Қурғоқчиликнинг мол гўшти нархи ўзгаришига таъсири икки омилга боғлиқ.
Озиқ-овқат таъминотида барқарорликни сақлашга қаратилган уринишларга қарамай, кўплаб ривожланаётган мамлакатларда қишлоқ хўжалигидаги ҳосилдорлик мавсумий об-ҳавога боғлиқ бўлиб қолмоқда. Глобал иқлим ўзгариши шароитида ёғингарчилик миқдорининг камайиб кетиши оқибатларини юмшатиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун қурғоқчил шароитга мослаша оладиган экин навларини яратиш ва уларни етиштириш технологияларини ишлаб чиқиш ҳамда тарқатиш зарурати ортиб бормоқда.
Ёғингарчилик миқдори камайишининг таъсири айниқса Африканинг Саҳрои Кабир ҳудудидан жанубий йўналишда жойлашган дунёдаги озиқ-овқат инқирози марказида кучли сезилади. Бу ерда қишлоқ хўжалиги камбағал уй хўжаликларининг асосий фаолият тури ҳисобланади.
Олимлар Эриксен, Инграм ва Ливерман (2009) ўз тадқиқотларида 2008 йилда кузатилган озиқ-овқат нархининг глобал миқёсда ошишида иқлим ҳодисалари муҳим рол ўйнаганини аниқлади. Дхубхадел, Сунил & Аззам, Аззеддин & Стоктон, Матт (2015) олиб борган тадқиқоти натижалари ёғингарчилик миқдорининг камайиб бориши гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархининг ошишига таъсир қилишини кўрсатди.
Шунга кўра, қурғоқчиликнинг мол гўшти нархи ўзгаришига таъсири икки омилга боғлиқ. Бир томондан, қурғоқчилик туфайли қорамолларни яйловларда боқиш имконияти камайса, иккинчи томондан, мол гўшти ишлаб чиқаришда озуқанинг асосий манбалари бўлган маккажўхори ва соя етиштириш кескин қисқаради.
ПМТИ экспертлари ўтказган таҳлил натижаларига кўра, Ўзбекистонда гўшт нархининг ўсиши мавсумий характерга эга. Июль, август, сентябрь ва октябрь ойларида энг юқори ўсиш суръатлари қайд этилади. Масалан, 2019 йилнинг ана шу ойларида мол гўшти нархи 3,6 фоиз, 7,6 фоиз, 5,8 фоиз ва 2,1 фоиз, 2020 йилда эса 0,6 фоиз, 1,5 фоиз, 3,3 фоиз ва 5,9 фоизга ошган. Ўзбекистонда декабрь-январь ойларида нархнинг тушиши ёки кам миқдорда ўсиши кузатилади.
Гўшт нархнинг ўзгариш динамикаси февраль ойининг охири, март ва апрель ойларидаги ёғинлар миқдори ва бу ойлардаги ҳаво ҳарорати билан узвий боғлиқ. Яйловларда чорва моллари истеъмол қиладиган ўсимликларнинг эрта баҳорда униб чиқиши, ўсиши ва етилишидаги асосий омил ҳам шу. Хусусан, февраль ойининг охири ва март ойида ёғингарчилик миқдори ва қуёшли кунларнинг кам бўлиши ўсимликлар баравж ўсмаслиги ва етилган ўсимликларнинг бўйи паст бўлиб қолишига олиб келади.
Бу эса озуқа танқислигини келтириб чиқаради. Ўзбекистонда февраль, март ва апрель ойларидаги ўртача ёғингарчилик миқдори 2019 йилда 118,0 миллиметрни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 92,4 миллиметргача камайган. 2018-2020 йилларни қамраб олган тадқиқот натижалари мамлакатимизда 22 фоиз ҳолатда ёғингарчиликнинг ўзгариши мол гўшти нархининг ўзгариши билан бир пайтга тўғри келишини кўрсатди.
Айтиш жоизки, ёғингарчилик миқдори маълум бир давр учун ёмғир ва қорнинг тахминий сув эквиваленти йиғиндиси сифатида аниқланади. Янги ёққан қор учун 0,1 солиштирма оғирлик қўлланилади, яъни 10 дюйм (25,4 сантиметр) янги ёққан қор бир дюйм (2,54 сантиметр) ёмғирга тенг деб ҳисобланади.
Ўзбекистон ҳудудлари орасида Тошкент, Наманган, Сурхондарё ва Жиззах вилоятлари энг кўп ёғингарчилик кузатиладиган ҳудудлар саналса, Қорақалпоғистон, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятлари мазкур рўйхатда охирги ўринлардан жой олган.
Иқлим тадқиқотлари бўлими (Climatic Research Unit) маълумотларига кўра, мамлакатда ёғингарчиликнинг энг кўп миқдори 1969 йилда кузатилган. Ўшанда йиллик ўртача ёғин миқдори Тошкент вилоятида 77,1 миллиметр, Наманган вилоятида 66,8 миллиметр, Сирдарё вилоятида 58,0 миллиметр ва Жиззах вилоятида 57,5 миллиметрга тенг бўлган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёғингарчиликнинг энг кўп миқдори 2003 йилда кузатилган бўлиб, 2020 йил билан қиёслаганда ёғинларнинг йиллик ўртача миқдоридаги фарқ серёғин ҳудудлар ҳисобланувчи Тошкент вилоятида 22,9 миллиметр, Наманган вилоятида 19,0 миллиметр, Фарғона вилоятида 15,9 миллиметр ва Жиззах вилоятида 10,7 миллиметрни ташкил этган.
С.Маҳмудов — ПМТИ бош илмий ходими, М.Жамолов — ПМТИ катта илмий ходими