«Халқ банки» 3 трлн сўм зарарга кирди
Банкда ҳисобланган, аммо ундирилмаган фоизлар 1 триллион сўмни ташкил этади

«Халқ банки» 3 триллион сўм зарар билан фаолият олиб бормоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов маълум қилди.
Таъкидланишича, «Халқ банки» 1 ноябрь ҳолатига кўра, 60 миллиард сўм фойда кўрган. Лекин банкда ҳисобланган, аммо ундирилмаган фоизлар 1 триллион сўмни ташкил этади.
«Пандемия даврида мижозларга ҳисобланган, шу кунга қадар тўланмаган фоизлар бор. Бундан ташқари, юзага келган муаммоли кредитлар бўйича яратилиши лозим бўлган захира суммаси бор. Ушбу сумма 2,2 триллион сўмни ташкил этади», — дейди Азимов.
Унинг қўшимча қилишича, мана шу 2 та кўрсаткични қўшиб, эълон қилинган соф фойдадан айриладиган бўлса, ўз-ўзидан «Халқ банки»нинг молиявий ҳолати ўртача 3 триллион сўм зарарда эканини кўриш мумкин.
Аввалроқ «Халқ банки» фуқароларга ҳар ой 4 триллион сўмлик нафақа ва тўловлар берилаётганини маълум қилганди.






