Хитой компаниялари Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқаришга жалб этилади
Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги бош консулининг Далянь халқаро бизнес уюшмаси раҳбари билан учрашувида қуёш ва шамол энергиясини қайта ишлаш орқали «яшил» энергия ишлаб чиқариш ва уюшма таркибидаги ушбу йўналишда фаолият олиб борувчи компанияларни Ўзбекистонга жалб этиш юзасидан келишувга эришилди
Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги бош консули Отабек Валиев Хитойнинг Далянь халқаро бизнес уюшмаси раҳбари Моу Игэ билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Маълум қилинишича, мулоқот давомида Далянь халқаро бизнес уюшмаси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан, уюшма аъзолари бўлган компанияларни Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қуёш ва шамол энергиясини қайта ишлаш орқали «яшил» энергия ишлаб чиқариш ва уюшма таркибидаги ушбу йўналишда фаолият олиб борувчи компанияларни Ўзбекистонга жалб этиш юзасидан дастлабки келишувга эришди.
Шунингдек, уюшма раҳбарияти ва аъзолари мамлакатда яратилган сармоявий муҳит билан бевосита танишиш мақсадида бизнес миссия билан Ўзбекистонга боришга таклиф этилди.
Маълумот учун, Далянь халқаро бизнес уюшмаси 120 дан ортиқ IT, инфратузилма, лойиҳалаштириш, қурилиш индустрияси, қуёш ва шамол энергияси жиҳозлари ишлаб чиқарувчи ҳамда халқаро савдо компанияларини ўз атрофига бирлаштирган.