«Индивидуал солиқ имтиёзлари тенг рақобатга салбий таъсир кўрсатади» — ДСҚ
Давлат солиқ қўмитаси индивидуал солиқ имтиёзлари ҳажми бўйича маълумот берди.
Давлат солиқ қўмитаси индивидуал солиқ имтиёзлари тенг рақобатга ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатишини қайд этиб, уларнинг ҳажми бўйича маълумот берди.
Қўмитанинг маълум қилишича, кейинги йилларда индивидуал хусусиятга эга бўлган солиқ имтиёзларини чеклашга қаратилган бир қатор нормалар белгиланган. Бунга мисол сифатида солиқ кодексида солиқ имтиёзлари индивидуал хусусиятга эга бўлиши мумкин эмаслиги белгилангани келтирилган.
Шунингдек, Маъмурий ислоҳотлар Концепциясида хусусий сектор самарали фаолият кўрсатаётган соҳаларда давлат иштирокидаги тижорат ташкилотларини тузишга чеклов чораларини белгилаш ва амалдаги корхоналарни қайта ташкил этиш, шунингдек, соғлом рақобат муҳитининг ривожланишини чеклаётган алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш амалиётидан воз кечиш кўрсатилгани айтилган.
Қўмитанинг қайд этишича, 2021 йилда индивидуал ҳусусиятга эга бўлган 15 та ҳужжат бўйича жами 316,2 миллиард сўмлик, 2022 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида эса 10 та ҳужжат бўйича жами 144,8 миллиард сўмлик солиқ имтиёзи қўлланилган.
Бундан ташқари, юридик шахслар томонидан: 2021 йилда 43,4 триллион сўмдан, 2022 йил I ярим йиллигида эса 24,6 триллион сўмдан зиёд солиқ имтиёзларидан фойдаланилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда солиқ имтиёзларини назорат қилиш учун «E-imtiyoz» ахборот тизими яратилгани хабар қилинганди. Мазкур ахборот тизими Ўзбекистоннинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномаларда назарда тутилган солиқ имтиёзлари, шунингдек, уларни қўллашни амалга оширувчи солиқ тўловчилар ҳисобини тўлақонли ва ўз вақтида юритиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Шунингдек, Ўзбекистонда мол-мулк солиғи бўйича имтиёзга эга бўлган 10 корхона номи очиқланганди. Солиқ имтиёзига эга бўлган субъектлар ҳақидаги маълумотлар Очиқ маълумотлар порталига жойлаштирилган.