«Инфляция юқорилигича қолмоқда». Таҳлилчилар Ўзбекистон иқтисодиётининг йил якуни бўйича ҳолатини баҳолади
Прогнозларга кўра, 2021 йил охирига қадар мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсиши 7 фоизни ташкил этади.

Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон иқтисодиётининг 2021 йил якуни бўйича ҳолатини баҳолади. Бу ҳақда фонд расмий сайтида хабар берилди.
Прогнозларга кўра, 2021 йил охирига қадар мамлакат ялпи ички маҳсулоти ўсиши 7 фоизни ташкил этади. Бундан ташқари, агар пандемия даражаси пасайишни бошласа, 2022 йилда кўрсаткич 6 фоиз бўлиши мумкин.
«Бироқ ноаниқлик юқорилигича қолмоқда ва вируснинг янги штаммлари пайдо бўлиши сабабли пандемиянинг кучайиши кутилган даражага этмаслик хавфини туғдирмоқда», дейилади хабарда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, глобал тенденцияларни акс эттирувчи озиқ-овқат ва хом ашё нархлари босими туфайли инфляция юқори даражада сақланиб қолди ва йил якунида тахминан 10 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Фондга кўра, Ўзбекистон пандемияни нисбатан яхши енгиб чиқди ва иқтисодий тикланиш жараёни давом этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонга асосий савдо ҳамкорларидаги ўсиш суръатларининг секинлашиши, хом ашё, хусусан, олтин нархларининг ўзгарувчанлиги ёки жаҳон нархларининг ошиши ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги қайд этилган.
Аввалроқ Молия вазири ва Марказий банк раиси Халқаро валюта фонди вакиллари билан учрашгани ҳақида хабар берилганди.






