Кўчмас мулк бозори таҳлили: 2021 йил Ўзбекистонда қандай тенденция кузатилди?
Ўзбекистонда 2021 йил 9,8 трлн сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2021 йилда кўчмас мулк олди-сотдисини таҳлил қилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори сезиларли даражада ошган. Жумладан, 2021 йилда 248,2 минг дона кўчмас мулк олди-сотди шартномалари расмийлаштирилган бўлиб, бу 2020 йилга (216,2 минг дона) нисбатан 14,8 фоизга ошган (2020 йилдаги ўсиш — 11,7 фоиз).
Ҳудудлар кесимида 2020 йилга нисбатан кўчмас мулк бозорида олди-сотдилар сони фақатгина Тошкент вилоятида (0,9 фоизга) камайган. Шунингдек, Наманган (48,6 фоиз), Бухоро (41,1 фоиз), Андижон (39,8 фоиз), Фарғона (33,6 фоиз) вилоятларида эса йиллик ўсиш кузатилган.
Таъкидланишича, кўчмас мулк бозорида олди-сотдилар сони ҳар йил декабрь ойида сезиларли даражада ошади. 2020 йил декабрда ўсиш суръати 20,9 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилнинг декабрида 79,3 фоизга етган эди.
Қайд этилишича, 2021 йилда тижорат банклари томонидан 59,6 минг нафар фуқарога 9,8 триллион сўм (нисбатан ўсиш 7,7 фоиз) миқдорида ипотека кредитлари ажратилган (2020 йилда — 9,1 триллион сўм).
Шундан, 2,4 триллион сўм иккиламчи бозордан уй сотиб олиш учун берилган бўлса, 7,4 триллион сўм бирламчи бозор учун тақдим этилган. 2022 йил 1 январь ҳолатига ипотека кредитлари қолдиғи 35,8 триллион сўмни ташкил этган.
Аввалроқ уй-жойга субсидия олиш учун қандай ҳужжатлар кераклиги хабар қилинганди.