Марказий банк ва МДҲ Молия-банк кенгаши раҳбарияти ўртасида учрашув ўтказилди
Учрашувда Тошкент халқаро форуми атрофидаги масалалар муҳокама қилинган

Ўзбекистон Марказий банки ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Молия-банк кенгаши раҳбариятлари ўртасида учрашув ўтказилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, учрашувда томонлар Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларининг Халқаро молия-банк форуми билан боғлиқ ташкилий ишларни муҳокама қилган. Шу билан бирга, учрашув давомида ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилган.

Маълумот учун, МДҲ Молия-банк Кенгаши ҳамдўстликдаги мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида фаолият юритувчи институтдир. МДҲ Молия-банк Кенгаши кўмагида 2019 йилда Тошкент шаҳрида илк халқаро молия-банк форуми ўтказилган.
Аввалроқ «Қишлоқ қурилиш банк» делегацияси БАА банки вакиллари билан учрашгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда янги банк фаолиятига рухсат берилгани хабар қилинди.






