Meta Европада Facebook ва Instagram’ни ёпиш билан таҳдид қилди
ЕИнинг маълумот алмашинуви бўйича қоидалари компания фаолиятига тўсиқ бўлмоқда.

Meta Европада Facebook ва Instagram’ни ёпиш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда «Inc.» хабар берди.
Маълум қилинишича, Meta Европада Facebook ва Instagram’ни европаликларга АҚШ серверларида маълумотларни узатиш, сақлаш ва қайта ишлашга тўсқинлик қилувчи маҳаллий қоидалар туфайли ёпиши мумкин. Meta, агар компания мавжуд шартнома моделидан фойдалана олмаса, Европадан чиқиб кетиши кераклиги ҳақида огоҳлантирган.
АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясининг ҳисоботида Meta мамлакатлар бўйлаб фойдаланувчи маълумотларини қайта ишлаш бизнес ва реклама таргетинги учун жуда муҳим эканини айтган.
«Агар биз фаолият юритаётган мамлакатлар ва ҳудудлар ўртасида маълумотларни узата олмасак ёки маҳсулот ва хизматларимиз ўртасида маълумот алмашишимиз тақиқланган бўлса, хизматлар кўрсатиш ёки рекламаларни мақсадли кўрсатиш қобилиятига таъсир қилиши мумкин», дейилган Meta баёнотида.
Meta’нинг аниқлик киритишича, у 2022 йилда янги келишувга эришиши мумкин. Мабодо бу амалга ошмаса, компания Европадан чиқиб кетишга мажбур бўлади.
«Биз Европада энг муҳим маҳсулот ва хизматларимизни, жумладан, Facebook ва Instagram’ни таклиф қила олмаслигимиз мумкин», — деган Meta.
Компания аввалроқ Privacy Shield стандартидан Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасида трансатлантик тижорий маълумотлар алмашинуви учун қонуний асос сифатида фойдаланган. 2020 йил июль ойида Европа суди маълумотларни ҳимоя қилиш талаблари бузилгани сабабли шартномани бекор қилган. Суд стандарт Европа фуқароларининг шахсий ҳаётини ҳимоя қилмаслигини таъкидлаган.
Натижада, АҚШ компанияларининг Европа фойдаланувчилари маълумотларини АҚШга жўнатиши чекланган ва SCC («Маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича стандарт банд»)га таянишга мажбур бўлган.
Европа Иттифоқи ва АҚШ шартноманинг янги таҳрири устида иш олиб бораётганини айтган. Meta компаниясининг глобал масалалар бўйича вице-президенти Ник Клеггнинг таъкидлашича, Facebook ва Instagram’сиз Европа ЕИдаги кўплаб бизнеслар учун ҳақиқий фалокат бўлади.
Аввалроқ Цукербергнинг Meta компанияси Giphy’ни сотиб олгани учун жаримага тортилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Snap ва Meta раҳбарлари келажак ижтимоий тармоқлари TikTok каби бўлишини айтгани ҳақида хабар берилди.






