Мигрантлар учун IT-карта, бизнесдан кетмоқчи бўлган Маск ва 3 трлн долларлик Apple — кунлик дайжест
Kommers.uz куннинг энг сара янгиликларини битта дайжестга тўплади.

Яқин соатларда 2021 йилнинг 10 декабрь санаси ҳам поёнига етади. Якунланаётган кун Ўзбекистон ва жаҳон ахборот майдонида қайноқ янгиликларга бой бўлди. Kommers.uz уларнинг энг сараларини битта дайжестга тўплади.
Россиядаги мигрантлар учун IT-карта
2022 йилда меҳнат мигрантининг IТ-картаси паспортнинг ўрнини босиб, Россия Федерацияси ҳудудида шахсни тасдиқловчи ҳужжатга айланади. Россия муҳожирлар федерацияси (РМФ) президенти Вадим Коженов мамлакатнинг миграция сиёсатидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берган.
Унинг сўзларига кўра, Россия Федерациясида мигрантлар билан боғлиқ қонунчиликни ислоҳ қилиш якунланмоқда ва 2022 йилнинг ўрталарига қадар Давлат Думасига янги лойиҳа тақдим этилади.
«Йил охиригача, қонун қабул қилиниши билан биз мигрант учун рақамли IТ-картани жорий қиламиз», — дейди Коженов.
РМФ раҳбари янги IТ-карта бутун Россия бўйлаб 10 йил давомида амал қилишини, ишлаш учун патент эса меҳнат фаолияти амалга ошириладиган ҳудудга боғланганини қўшимча қилган.
Бундан ташқари, Коженов лойиҳа бўйича 10 йилдан сўнг, мигрантнинг IТ-картаси, агар унинг эгасида ҳеч қандай қоидабузарлик бўлмаса, чексиз бўлиб қолишига ваъда берган.
Бизнесдан кетмоқчи бўлган Илон Маск
Америкалик тадбиркор Илон Маск ўз ишини ташлаб, нуфузли блогерга айланиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
«Мен ишимни ташлаб, доимий равишда нуфузли блогер бўлишни ўйлаяпман», — деб ёзди Илон Маск Twitter саҳифасида.
Твит остида миллионлаб аудиторияга эга бўлган бир қанча блогерлар аллақачон Маскка унинг саҳифаларини тарғиб қилишда ёрдам беришни таклиф қилди. Бундан ташқари, баъзилар ундан видеоўйинлар трансляцияларида иштирок этиш ҳақид сўради.
Маълумот учун, Маск Американинг Tesla ва SpaceX компанияларига раҳбарлик қилади. Tesla’га 2003 йилда Илон Маск томонидан асос солинган. Аввалига компания фақат электромобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлса, кейинчалик у қуёш панеллари ва бошқа энергия сақлаш тизимларини яратиш билан ҳам шуғуллана бошлади.
3 трлн долларлик Apple
Apple тарихда капиталлашуви 3 триллион доллардан ошган биринчи компанияга айланди. 2018 йилнинг августида компания капиталлашуви 1 триллион долларга, 2020 йилнинг августида эса 2 триллион долларга етганди.
Apple компаниясининг 3 триллион доллар капиталлашувига эришганини Nasdaq биржасидаги савдо маълумотлари тасдиқлайди. Тошкент вақти билан 22:24 ҳолатига кўра, компания капиталлашуви 3 029 856 201 060 долларни ташкил этди.

Шуниндек, Apple акциялари нархи ҳам рекорд ўрнатган. 9 декабрдаги савдо сессияси давомида компаниянинг ҳар бир акцияси нархи 176,54 долларгача кўтарилган, бироқ савдолар давомида коррекцияга учраган.
Шу тариқа, Apple тарихда капиталлашуви 3 триллион доллардан ошган биринчи компания бўлди. 2018 йил август ойида Apple’нинг бозор капиталлашуви 1 триллион долларга етди ва у бундай кўрсаткичга эришган дунёдаги биринчи компанияга айланди. Кейин, 2020 йил август ойида Apple капиталлашуви 2 триллион долларга етди. Apple компаниясига 3 триллион долларлик янги маррага эришиш учун 1 йил ва 4 ой керак бўлди.
Ўзбекистон мулкни адолатли мусодара қилиш рейтингида
Ўзбекистон «Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслик» рейтингида 139 та давлат ичида 138 ўринда турибди.
Депутатларга тақдим этилган маълумотларга кўра, Жаҳон одил судлов лойиҳаси халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан юритиладиган «Ҳуқуқ устуворлиги» индексининг «Қонунларга риоя қилиш» индикаторининг «Ҳукумат суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мулкни мусодара қилмаслиги субиндикаторида (2021 йил ҳисоботида) Ўзбекистон максимал 1 баллдан 0,25 балл билан 139 та мамлакат ичида 138-ўринни эгаллаган.
«Хусусий мулк дахлсизлиги бўйича халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистоннинг мана шу кулгули аҳволга тушишига ҳисса қўшган барча амалдорларга ‘рахмат’», — деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни учун 2 млрд сўм
Жиззах вилоятида қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини нишонлаш учун салкам 2 миллиард сўм ажратилди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 12 декабрь куни ўтказиладиган «Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни» байрамини кўтаринки руҳда нишонлаш, хусусан, мазкур сана муносабати билан ўтказиладиган тадбирларнинг юқори савияда ташкил этилишини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш, соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланган.
Жумладан, вилоят молия бошқармасининг вилоят маҳаллий бюджети даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми маблағлари ҳисобидан «Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни» байрамини юқори савияда нишонлаш учун 1 миллиард 894 миллион 814 минг сўм маблағни вилоят ҳокимлигига ажратиши келтириб ўтилган.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ташкилий ишлар бошқармасига ажратилган маблағдан мақсадли фойдаланиш вазифаси юклатилган. Бундан ташқари, вилоят давлат молиявий назорати бошқармаси ажратилган маблағнинг мақсадли ишлатилиши устидан назорат ўрнатиши белгиланган.
Бир неча миллиардлик лойиҳаларни тендерсиз олган компания
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Тиббиёт қурилиш инжиниринг» давлат унитар корхонаси буюртмасига биноан Тошкент шаҳрида 140 ўринли Перинатал марказ ва 160 ўринли Она ва бола маркази қурилишининг иккинчи босқичи бажарилмоқда. 2021 йил учун тасдиқланган манзилли дастурга кўра, ушбу иккита объектнинг баҳоси 189,5 миллиард сўмни ташкил қилади. Объектлар тендерсиз ҳукумат ҳужжати билан тақдим қилинган.
«Буюртмани Eco House-Group МЧЖ амалга оширмоқда. 2018 йилда очилган мазкур компания номини ўзгартириб туришни яхши кўради. Бундан олдин Whitecity Construction, Renaissance Company каби номларда ҳам фаолият юритиб кўрган. Компания анча машҳур. Тошкент ва Сирдарёда кўп қаватли уйлар қуриб келади», дейилади хабарда.
Канал муаллифига кўра, компания, шунингдек, Зангиота туманида Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини барпо этишда ҳам бош пудратчи сифатида тендерсиз жалб қилинган, бир вақтнинг ўзида лойиҳалаш ва қуриш ишларига рухсат берилган.
«Сахий Тикланиш ва тараққиёт жамғармамиздан 50 миллион доллар ажратиш кўзда тутилган. Компания, аллақачон, 213,5 миллиард сўмлик пудрат шартномасини тузиб, иш олиб бормоқда. Худди шу компания 2020 йилда Мирзо Улуғбек туманидаги Геология фанлари университети бино ва иншоотларини реконструкция қилиш бўйича 357,6 миллиард сўмлик пудрат шартномасига эга эди. Бу объектни ҳам тендерсиз ҳукумат ҳужжати билан олган», дейилади хабарда.
Муаллифнинг юридик шахслар реестрига таяниб хабар беришича, Eco House-Group МЧЖнинг 82,40 фоиз улуши Асатов Нодиржон Худойберди ўғлига, 17,6 фоизи эса Мирвохитов Мирсаид Мирфатух ўғлига тегишли.

«2020 йилнинг ўрталаригача компаниянинг 40 фоиз улуши Исраилов Исмаилга тегишли эди. Кейинчалик, у ўз улушини юқоридаги шахсларга ўтказган. Whitecity Construction бренди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тўлиқ эгалик қиладиган J-United Group МЧЖга тегишли», дейилади хабарда.
Android ўйинларини Windows’га ўтказаётган Google
2022 йилда Windows операцион тизимида Google Play Games иловаси ишга туширилади. Ушбу илова орқали Google Play ўйинларини ноутбуклар, планшетлар ва шахсий компьютерларда ўйнаш мумкин бўлади.
Илова ўйинчиларга телефон, планшет ёки Chromebook орқали бошланган ўйинларни Windows операцион тизимида давом эттириш имконини беради.
«2022 йилдан бошлаб фойдаланувчилар Google Play’даги ўзларининг севимли ўйинларидан кўпроқ қурилмалар орқали баҳраманд бўлишлари мумкин бўлади», — дейди Google’нинг Android ва Google Play учун ўйин дастурлари бўйича директори Грег Хартрелл.
Google вакили Алекс Гарсия-Куммертнинг сўзларига кўра, компания иловани мустақил яратган. Бу Google Microsoft, BlueStacks ёки бошқа компаниялар билан ҳамкорлик қилмаётганидан далолат беради. Google’нинг ушбу иловаси Windows 10 ва ундан кейинги версияларда ҳам ишлайди.
Олдиндаги кун омадли келсин. Kommers.uz энг қайноқ янгиликларни ишончли тарзда етказишда давом этади.






