Миллиардер Абрамовичнинг компанияси Қора денгиз бўйидан ташландиқ ер майдони сотиб олди
Геленжикдаги майдон денгиздан 100 метр узоқликда жойлашган.

Миллиардер Роман Абрамовичга қарашли «Финэстейт Ко» МЧЖнинг Millhouse тузилмаси Геленжикдаги «Спартак» стадиони жойлашган майдонга эгалик қилувчи «Гавань» АЖнинг 100 фоиз улушини сотиб олди. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
Қайд этилишича, «Гавань»ни Краснодарнинг «Рамо-М» компанияси сотган. Ушбу компания 2021 йилда илк марта Forbes журналининг «Россия кўчмас мулки қироллари» рейтингига кирган.
Эндиликда Абрамович компанияси назоратига ўтган стадион жойлашган ҳудуд 2,2 гектар майдонга эга ва Қора денгиздан 100 метр узоқликда жойлашган. Ўз навбатида, «Гавань» ер майдонига 2050 йилгача ижара асосида эгалик қилади. У 2013 йилда маҳаллий маъмурият билан стадион ўрнида 1,8 миллиард рубль сармоя эвазига савдо ва кўнгилочар мажмуа қуриш бўйича шартнома имзолаган. «Рамо-М» Геленджикда янги стадион қурди, бироқ савдо маркази қурилиши ҳали бошланмаган.
Ер майдони давлат ва бизнесни ривожлантириш ҳудудига тегишли бўлиб, унда умумий майдони 50 000 квадрат метргача бўлган меҳмонхона ёки квартиралар мажмуасини қуриш мумкин. Ер майдони 300-400 миллион рублга, қурилиш учун талаб қилинадиган инвестициялар ҳажми эса 4-4,5 миллиард рублга баҳоланган.
2021 йилнинг февраль ойида «Коммерсантъ» нашри Абрамовичнинг Геленджикдаги меҳмонхона лойиҳаларига қизиқиши ҳақида маълум қилганди.
Аввалроқ Роман Абрамович ёғоч саноати ҳолдингини Япония компаниясига сотаётгани хабар қилинганди.






