Миллиардер Брэнсон Украинада. У янги «Мрия» самолётини йиғишда ёрдам бериши мумкин
Дунёдаги энг йирик транспорт самолёти Россиянинг Украинага ҳужуми давомида йўқ қилинганди.
Британиялик тадбиркор, Virgin Galactic асосчиси Ричард Брэнсон янги Ан-225 «Мрия» транспорт самолётини йиғишда Украинага ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Россия билан музокараларда қатнашган Украина делегацияси раҳбари Давид Арахамия ўзининг Telegram’даги каналида маълум қилди.
Қайд этилишича, Брэнсон 29 июнь куни Украинанинг Киев вилояти Гостомель шаҳрига учиб борган. Украина расмийлари вакили Брэнсон билан учрашувда коинот соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ва янги Ан-225 «Мрия» транспорт самолётини яратиш лойиҳасини муҳокама қилган.
«Бу жаҳон афсонаси ва Украинанинг рамзларидан биридир. Ан-225 «Мрия» 240 та жаҳон рекордини ўрнатган ягона самолётдир», — дея эслади Арахамия.
Унинг сўзларига кўра, янги самолёт яна кўплаб рекордларни ўрнатади ва «янада илғор бўлади, замонавий рақамли ускуналар асосида ишлаб чиқарилади, бу эса унинг янада мустаҳкамланишига имкон беради».
«Ричард қўлидан келганича ёрдам беришга тайёрлигини билдирди ва бизнинг оптимизмимиз ва ҳатто энг қийин пайтларда ҳам аэрокосмик қурилишда ютуқларни орзу қилганимиздан ҳайратда қолди», — деб ёзди Арахамия суҳбатдан кейин.
У Украинада авиация ва космик технологиялар учун энг яхши вақтлар келишига шубҳа қилмаслигини қўшимча қилди.
«Мрия» ҳақида
Россиянинг Украинага ҳужуми оқибатида «Антонов» аэропорти яқинида дунёдаги энг йирик «Мрия» («Орзу») транспорт самолёти йўқ қилинди — учоқ у ерда таъмирланаётган эди.
Самолёт 1980 йилларда Киев механика заводида йиғилган. Унинг оғирлиги 175 тоннани ташкил қилади.
Самолёт учиш оғирлиги ва фойдали юк бўйича бир нечта жаҳон рекордларига эга. У 250 тоннагача юкни кўтариши мумкин эди.
Ан-225 «Мрия» 1988 йилда Антонов конструкторлик бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Унинг иккинчи нусхаси устидаги барча ишлар 1980-1990 йиллар охирида тўхтатилган.