Nike эмланмаган ходимларни ишдан бўшатишни бошлайди
Компания ўз штаб-квартирасида анъанавий ишлаш режимини жорий этишни режалаштирган.

Спорт кийимлари ва пойабзаллари бренди бўлган Nike Орегон штатидаги штаб-квартирасида COVID-19’га қарши эмланмаган ходимларни 15 январь куни ишдан бўшатишни бошлашини маълум қилди. Бу ҳақда Business Insider хабар берди.
«Сиз текшириш жараёнини якунлай олмадингиз ва бизнинг маълумотларимизга кўра, сиз эмланишдан озод қилинмагансиз. Сиз компания сиёсатига риоя қилмадингиз ва сизнинг ишдан бўшатилиш санангиз 2022 йил 15 январь, шанба кунига режалаштирилган», — дейилади Nike ходимларига юборган электрон хабарда.
Жабрланган икки ходимнинг айтишича, баъзилар корпоратив эмлаш мажбуриятига рози бўлмагани учун вакцинациядан бош тортган. Бошқалар эса диний сабабларга кўра эмланмаган.
Nike октябрь ойида эмлаш мажбуриятини жорий қилган ва январь ойида офисни қайта очиш учун барча ходимларни тўлиқ вакцина олишга чақирган. 2021 йил декабрь ойида компания АҚШда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани сабабли ходимларни офисга қайтаришни кечиктирган.
«Омикрон штамми ҳақиқатан ҳам жуда юқумли ва унинг соғлиқни сақлаш тизимларимизга қандай таъсир қилишини аниқлаш учун кўпроқ маълумот ва вақт керак», — деган Моник Мэтисон, компания HR бўлими бошлиғи. «Мутахассислар келгуси ҳафталарда ишларнинг кўпайишини тахмин қилмоқдалар, бу бизнинг офисга қайтишни режалаштирган вақтга тўғри келади».
Nike компанияси ходимлар учун эмлаш мандатларини жорий этишга мустақил қарор қилган хусусий компаниялар сирасига киради. Агар Байден маъмуриятининг эмланиш ёки ҳафталик ковид тестлари мандати кучга кирса, келажакда 100 дан ортиқ ходимлари бўлган бошқа компаниялардан ҳам ходимларини мажбурий эмлаш ёки ишдан бўшатиш талаб қилиниши мумкин.
Ҳозирча Байденнинг мандати тўхтатилган ва Олий суд томонидан кўриб чиқилмоқда, гарчи унинг баъзи бандлари 10 январда кучга кирган бўлса ҳам. Орегон штатида жойлашган Columbia спорт бренди ҳам февраль ойида эмланмаган ходимларни ишдан бўшатишни режалаштирмоқда.
Аввалроқ Nike Lululemon’ни патентни бузганлик учун судга бергани хабар қилинганди. Шунингдек, Google эмланмаган ходимларини ишдан бўшатиши ҳақида хабар берилди.






