Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этилади
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «яшил қопламалар»ни барпо этишни молиялаштириш манбалари белгиланган.

Ўзбекистонда Орол денгизининг қуриган суви тубида ўрмонзорлар барпо этилади. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 18 январдаги «Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида ‘яшил қопламалар’ — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.
Ҳужжат Ўзбекистонда ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган. У билан қуйидагилар тасдиқланган:
- 2022–2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» — ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ҳажмлари;
- 2022–2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида «яшил қопламалар» барпо этиш учун чўл ўсимликлари уруғларини тайёрлаш ҳажмлари.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳокимликларига Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда Орол денгизининг суви қуриган туби ва Оролбўйи ҳудудларида ўрмонзорлар барпо этиладиган майдонларни хатловдан ўтказиш топширилган.
Бунда ҳар йили 10 декабрга қадар «яшил қопламалар» барпо этиладиган майдонлар илмий жиҳатдан асосланган таклифларга мувофиқ ҳудудлар бўйича аниқланади.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси «яшил қопламалар» ўз муддатида барпо этилиши бўйича доимий мониторинг юритади. Орол денгизининг қуриган тубидаги тупроқ таркибини инобатга олиб чўл ва шўр тупроққа мослашган ўсимлик турлари, шу жумладан, қумли ерларда черкез ҳамда шўр ҳудудларда тамарикс ва атриплекс (лебеда) ўсимликлари экилади.
Қайд этилишича, қуйидагилар «яшил қопламалар» барпо этиш бўйича тадбирларни молиялаштириш манбалари этиб белгиланган:
- Қорақалпоғистон республика бюджетининг, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари маҳаллий бюджетларининг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобига ажратиладиган маблағлар;
- юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19 январдан кучга кирган.
Аввалроқ Оролбўйи минтақасидаги тадбиркорларга 10 йиллик солиқ имтиёзлари берилиши хабар қилинганди.






