Ўзбекистон бўйлаб «Билайн» алоқа оператори ишида узилишлар кузатилмоқда
Kommers.uz чекланишларнинг сабабларини ўрганди.

Ўзбекистон бўйича «Билайн» алоқа оператори ишида узилишлар кузатилмоқда. Бунга мамлакатдаги электр энергияси узилиши сабаб бўлиши мумкин.
Компания матбуот хизмати хабар беришича, барча мижозларига етказилган ноқулайликлар учун 500 мегабайт тақдим этилади.
«Ҳурматли мижозлар! Ускуналардаги дастурий таъминотда юзага келган носозлик туфайли баъзи мижозларимиз мобил Интернетнинг ишлашида чекловларга дуч келишди. Тармоқ ҳозирда оддий тизимда ишламоқда. «Билайн»нинг барча мижозларига етказилган ноқулайликлар учун 500 МБ тақдим этилади. Тушунганингиз учун ташаккур!», — дейилади хабарда.
Компаниянинг ишонч телефони орқали айтилишича, узилишларга электр энергияси сабаб бўлган.
«Мамлакат ҳудудида электр таъминотидаги носозликлар сабабли мижозларимизнинг айримларида алоқа ва интернет бўйича вақтинчалик чекланишлар кузатилиши мумкин. Муаммолар бартараф этилгунича кутиб туришингизни сўраймиз», — дейилади оператор хабарида.
«Ўзкомназорат»нинг хабар қилишича, 2022 йил 28 январь куни «Unitel» МЧЖ маълумотлар узатиш тармоғининг таянч коммутаторларида дастурий таъминотдаги носозлик туфайли тармоқда соат 9:42 дан 10:21 гача Интернет хизматлари ишламаслиги кузатилган. Айни вақтда мазкур носозлик бартараф этилган. «Ўзкомназорат» давлат инспекция томонидан «Unitel» МЧЖга келгусида бу каби ҳолатларнинг такрорланишини олдини олиш чораларини кўриш юзасидан тегишли кўрсатма берилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда «блэкаут» 27 январь куни тўлиқ якунланди.
«Билайн» 25 август куни ҳам мамлакатдаги электр узилиши туфайли алоқа хизмат сифати тушиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.






