Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг 4 та лойиҳасига қўшилади
Нурсултон шаҳрида Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи ишида томонларни қизиқтирган соҳаларда иштирокини кенгайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда ЕОИИ сайтида хабар берилди.
25 февраль куни Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳрида Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Хабарга кўра, Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъатига Иттифоқ мамлакатлари билан биргаликда алоҳида лойиҳалар бўйича ЕОИИ кузатувчи-давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик формати ва алгоритмини тавсифловчи тартибни ишлаб чиқиш топширилган.
«Ўзбекистон тўртта йўналиш бўйича ишлашга қизиқиш билдирди: кун тартибида турган иқлим масаласи, юк темир йўл транспортини рақамлаштириш, электрон тижорат ва Евроосиё агроэкспресс лойиҳасини амалга ошириш», — дейди Евроосиё иқтисодий комиссияси савдо вазири Андрей Слепнев.
Шунингдек, у 2021 йил 14 октябрь ва 10 декабрда бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш манфаати йўлида ҳамкорликни фаоллаштиришни таклиф қилганини эслатди.

Тадбирда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ҳукуматлари раҳбарлари ҳамда Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси иштирок этмоқда. Шунингдек, кузатувчи ҳисобланган Молдова, Ўзбекистон ва Кубанинг вакиллари иштирок этмоқда.






