Ўзбекистонда 2023 йили оилавий тадбиркорлик дастурига 12 трлн сўм йўналтирилади
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида Президент оилавий тадбиркорликни янада рағбатлантириш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилишини таъкидлади

Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур йиғилишда Президент оилавий тадбиркорликни янада рағбатлантириш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилишини таъкидлади.
Жумладан, 2023 йилда:
- тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун кредит миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади;
- деҳқон хўжаликларига гаровсиз кредит миқдори 50 миллион сўмгача оширилади (амалда 33 миллион сўм);
- аввал оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олиб, яхши натижа кўрсатган тадбиркорлар ушбу дастурлар доирасида яна имтиёзли кредитлар олиши мумкин бўлади (ҳозир фақат бир марта олиш мумкин);
- кредитларнинг бир қисмини пластик картага олишга рухсат берилади.
Шу билан бирга, 2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастурига 12 триллион сўм берилади (2022 йилда — қарийб 10 триллион сўм). Президент яқинда имзолаган қарорга кўра, оилавий тадбиркорликка қўшимча 300 миллион доллар ажратилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани, бунда ҳоким ёрдамчилари 1 миллион нафар аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашгани, даромадли иш билан банд қилгани муҳим омил бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, мамлакатга Хитойдан камбағалликни қисқартириш бўйича катта тажрибага эга экспертлар жалб қилинади. Ушбу экспертлар билан бирга барча вилоятларда камбағалликни қисқартириш юзасидан амалий ишлар ташкил қилинади.






