Ўзбекистонда автомобиллар учун «растаможка» 2 баробарга пасайтирилади
Вазирлар Маҳкамасига уч кун муддатда импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга (30 фоиздан 15 фоизга) пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга топшириқ берилди.

Ўзбекистонда «растаможка» ставкалари 2 баробарга пасайтирилади. Бу ҳақда Президент йиғилишида айтиб ўтилди.
Вазирлар Маҳкамасига уч кун муддатда импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баравар — 30 фоиздан 15 фоизга пасайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритишга топшириқ берилди.
Автомобилсозлик бўйича йиғилишда ошиб бораётган ички талабни қондириш мақсадида биринчи ярим йилликда камида 160 мингта автомобиль ишлаб чиқариш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, 2022 йил якунига қадар 275 мингта автомобиль ишлаб чиқариш учун зарур бутловчи қисмларни ўз вақтида етказиб бериш бўйича назорат ўрнатиш топширилди.
«Шу билан бирга, аҳолимиз автомобиль бозорида таклифларни кескин ошириш бўйича амалий натижаларни ҳозир кутмоқда», — деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Соҳа раҳбарларига 2022 йилда:
- таннархни камида 5 фоизга камайтириш, 100 миллион долларлик импорт ўрнини босиш;
- 23 лойиҳа доирасида 600 турдаги бутловчи қисмларни ўзлаштириб, маҳаллийлаштиришни 48 фоиздан 56 фоизга ошириш;
- 336 миллион долларлик инвестицияларни ўзлаштириб, 3 та лойиҳани (Tracker, Оnix ва янги двигателлар ишлаб чиқариш) ишга тушириш лозимлиги кўрсатилди.
Аввалроқ UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдори пасайтирилиши ҳақида хабар берилганди.






