Ўзбекистонда чиқинди газидан электр ишлаб чиқарилади
Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Майдонтол маиший чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергиясини ишлаб чиқариш мажмуаси қурилади. Ушбу лойиҳа Кореянинг Sejin G&E компанияси иштирокида 55 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция маблағлари ҳисобига амалга оширилади

Ўзбекистонда чиқинди газидан электр ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда Табиат ресурслари вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, табиат ресурслари вазири ўринбосари Нарзулла Обламурадов, энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Аҳмедхўжаев, Корея атроф-муҳит вазири ўринбосари Ю Чечул, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи О.Ҳамроев ҳамда Sejin G&E компаниаси раиси Ли Кюнг Ёон иштирокида Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Майдонтол маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилишига старт берилди.

Тадбирда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея давлатлари ўртасида барча соҳаларда ўзаро ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бораётгани, айниқса экология ва атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар юқори самара бераётгани таъкидланди.
Қайд этилишича, Оҳангарон ва Майдонтол маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергиясини ишлаб чиқариш мажмуаси қурилади. Чиқинди газидан умумий ишлаб чиқариш қуввати камида 16 мегаватт бўлган электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Маълумотларга кўра, лойиҳа Кореянинг Sejin G&E компанияси иштирокида 55 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасидаги ягона бўлган йирик маиший чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш станцияси ташкил этилади.






