Ўзбекистонда инвестиция лойиҳалари янги шартлар бўйича амалга оширилади
Инвестор ер участкаси учун компенсация белгилаш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилиши мумкин бўлди.

Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича янги шартлар белгиланди. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 10 январдаги «Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 14-сон қарори қабул қилинган.
Ҳужжат ер участкаларини олиб қўйиш масалаларида низоли вазиятларнинг олдини олиш ва ушбу соҳадаги низоларни самарали ҳал этиш, ер участкалари эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида қабул қилинган.
Қарор билан баъзи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Биринчидан, низомнинг 33-бандига иккита хатбоши киритилган. Уларга кўра:
- баённомада инвестиция лойиҳалари ушбу ҳудудда амалга оширилишига розилик берган ёки қарши бўлган мулкдорлар кўрсатилиши шарт;
- очиқ муҳокама давомида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган ер участкасида инвестиция лойиҳаси амалга оширилишига битта мулкдор қарши бўлган тақдирда ҳам мазкур ҳудудда ушбу инвестиция лойиҳасини амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Иккинчидан, низомнинг 47-банди янги таҳрирда баён этилган. Унга кўра, мулкдорларнинг розилигини олиш имкони бўлмаганда, инвестор уларнинг кўчмас мулк объектлари бўйича бериладиган компенсация миқдори, турлари ва муддатини белгилаш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Илгари, инвестор бундай мулкдорларнинг кўчмас мулк объектларини мажбурий сотиб олиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли эди.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10 январдан кучга кирган.
Аввалроқ Ўзбекистон 2021 йилда қанча тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилгани маълум бўлганди.






