Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш бўйича Хитойдан экспертлар жалб қилинади
Президент раислигидаги йиғилишда Хитойдан камбағалликни қисқартириш бўйича катта тажрибага эга экспертлар жалб қилиниши маълум қилинди. Ушбу экспертлар билан бирга барча вилоятларда камбағалликни қисқартириш юзасидан амалий ишларни ташкил қилиш, вилоят ҳокимлари билан бирга 2023 йил учун бандлик дастурини туманлар кесимида қайтадан кўриб чиқиб, тасдиқлаш бўйича топшириқ берилди

Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди. Мазкур йиғилишда Хитойдан камбағалликни қисқартириш бўйича экспертлар жалб қилиниши маълум қилинди.
Давлат раҳбари Навоий, Бухоро, Наманган, Қўқон, Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳарлари, Зафаробод, Арнасой, Вобкент, Шофиркон, Когон, Ғиждувон, Ромитан туманларининг бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича режалари пухта ишлаб чиқилмагани, уларда мавжуд барча имконият ва захиралар ҳисобга олинмаганини танқид қилди.
Шу билан бирга, камбағаллик кўрсаткичлари республика бўйича яхшиланган бир пайтда, Навоий, Сурхондарё ва Фарғонада ўзгариш сезилмаётгани таъкидланди.
Президент камбағалликни қисқартиришнинг энг асосий механизми — аҳолини даромадли иш билан таъминлаш эканини қайд этди. Шу боис, маъмурий ислоҳотлар доирасида камбағалликни қисқартиришга масъул 5 та идора яхлит тизимга айлантирилди.
Эндиликда меҳнат ресурслари ва ишсизлик ҳисобини юритиш ҳам, бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни маҳаллабай ривожлантириш ҳам битта — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида бўлади. Бундан ташқари, янги вазирликка Хитойдан камбағалликни қисқартириш бўйича катта тажрибага эга экспертлар жалб қилинмоқда.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ушбу экспертлар билан бирга барча вилоятларда камбағалликни қисқартириш бўйича амалий ишларни ташкил қилиш, вилоят ҳокимлари билан бирга 2023 йил учун бандлик дастурини туманлар кесимида қайтадан кўриб чиқиб, тасдиқлаш топширилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани, бунда ҳоким ёрдамчилари 1 миллион нафар аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашгани, даромадли иш билан банд қилгани муҳим омил бўлгани ҳақида хабар берилганди.






