Ўзбекистонда миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар яратилади
АКТ соҳасида миллий маҳсулот яратиш тизимини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилади.

Ўзбекистонда миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар яратилади. Бу ҳақда 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоялаш мақсадида замонавий коммуникацион дастурлар ҳамда миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар яратиш режалаштирилган.
Бунда, соҳанинг етук мутахассислари ва йирик тадбиркорлар миллий коммуникация платформаларини яратишга жалб қилинади. Улар маълумотларни узатиш ва қайта ишлашнинг замонавий талабларига мос дастурий таъминот ва техник воситалар билан таъминланади.
Шунингдек, АКТ соҳасида миллий маҳсулот яратиш тизимини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилади. Бунда, яратилган дастур ҳамда миллий ижтимоий тармоқ ва мессенжерларни аудиториясининг қамрови ортишига қараб солиқ имтиёзлар бериш тизими йўлга қўйилади.






