Ўзбекистонда музейларнинг даромадли хизматлар кўрсатишига рухсат берилди
Музейларга пулли хизматлар, хайриялардан тушадиган маблағ бюджетдан молиялаштиришнинг камайтирилишга асос бўлмайди
Ўзбекистон Президенти томонидан 26 ноябрь куни «‘Музейлар тўғрисида’ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Huquqiy axborot канали хабар берди.
Киритилган қўшимчага кўра, музейлар таъсис ҳужжатларига мувофиқ даромад келтирадиган фаолият билан шуғулланиши мумкин. Бунда музей ашёлари ва коллекциялари бут сақланиши керак бўлади.
Қайд этилишича, давлат музейларига пулли хизматлардан, хайриялардан тушадиган маблағлар 2022 йил учун бюджетдан молиялаштириш миқдорини камайтиришга асос бўлмайди. Шунингдек, қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Аввалроқ Ўзбекистонда давлат бюджети даромадлари 170 триллион сўмдан ортиши кутилаётгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда йирик солиқ тўловчиларнинг бюджет тушумларидаги улуши прогноз қилингани ҳақида хабар берилди.