Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш учун 100 млн доллар ажратилади
Бюджет тақсимоти бўйича Президент қарори 2 ноябрда кучга кирган

Ўзбекистон Президентининг 2 ноябрь куни «Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатларини молиялаштиришнинг узлуксизлигини таъминлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma хабар берди.
Ҳужжатга мувофиқ, Молия вазирлигига Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси учун 100 миллион доллар эквивалентидаги маблағлар ажратилади. Ушбу маблағлар қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун миллий валютада 5 йил муддатга фоизсиз берилади.
Қайд этилишича, Президентнинг 2021 йил 27 мартдаги қарорининг 5-бандида Молия вазирлигига мазкур қарорнинг 4-банди асосида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ажратиладиган 1,5 триллион сўм кредит ресурсларининг тижорат банклари томонидан қайтарилмаган қисмида республика бюджети ҳисобидан 2026 йилда қопланишини таъминлаш топширилган.
Бунда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига қопланмаган маблағлар миқдоридаги ваколатли банкларнинг мажбуриятлари Молия вазирлиги фойдасига қайта расмийлаштирилади. Шу билан бирга, Президентнинг 2021 йил 26 майдаги қарорининг 2 бандида ушбу қарорнинг 1 бандига мувофиқ Молия вазирлигига фоизсиз ажратиладиган пул маблағларини қайтариш муддати 2026 йилга қадар узайтирилган.
Шунингдек, ажратилаётган маблағларни қайтариш республика бюджети маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган. Таъкидланишича. ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилиниб, 2021 йил 2 ноябрдан кучга кирган.
Аввалроқ Европа комиссияси Ўзбекистонга 83 миллион евролик грантлар ажратиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда туроператор ва турагентларга ажратилган субсидиялар бўйича маълумот берилди.






