Ўзбекистонда тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган муаммолар маълум қилинди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ишбилармонлик муҳитини ўрганиш бўйича сўровнома ўтказилди

Тадбиркорлар томонидан Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳити ижобий баҳоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилишича, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ишбилармонлик муҳитини ўрганиш бўйича сўровнома ўтказилган. Ҳисоботда таъкидланишича, октябрь ойида товарлар/хизматларга бўлган талаб сўровномада иштирок этган 53 фоиз корхоналарда яхшиланиб, ходимлар сони эса 31 фоиз корхоналарда ошган.
Шу билан бирга, қуйидагилар тадбиркорликда тўсқинлик яратаётган муаммолар сифатида белгиланган:
- молиялаштириш ва ер участкалари;
- юқори солиқ ставкалари;
- пандемия таъсири;
- юқори нархлар;
- хомашёнинг етишмаслиги;
- товарлар/хизматларга бўлган талабнинг пастлиги.
Шунингдек, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва саноат соҳаларида ҳам ижобий тенденция кузатилиши қайд этилган. Ҳисобот натижаларига кўра, октябрь ойида ишбилармонлик муҳитининг умумий кўрсаткичи 61 пунктни ташкил қилган, бу эса август ойидаги кўрсаткичдан 5 пунктга юқори. Қайд этилишича, сўровнома республика бўйлаб 1000 дан ортиқ корхоналар иштирокида ўтказилган.
Аввалроқ Бизнес-омбудсман БМТ ва ЕТТБ билан коррупцияга қарши ҳамкорлик қилиши ҳақида хабар берилганди.






