Ўзбекистонда энг оммалашган ижтимоий тармоқ номи маълум бўлди
Олий Мажлис Сенатининг йиғилишида ахборот сиёсати муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда энг кўп Telegram мессенжеридан — 18 миллион одам фойдаланади.
31 январь куни Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда қуйидаги статистика тақдим қилинди.
Маълумотларга кўра, мамлакатда Facebook’дан 4,7 миллион, Instagram’дан 3,7 миллион, Linkedln’дан 288 минг, Telegram’дан 18 миллион, Odnoklassniki’дан 16,7 миллион, Twitter’дан 51,6 минг ва ВКонтактеда 2,6 миллион одам фойдаланади, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилмоқда.
Қайд этилишича, мамлакатда ёшлар ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, бу соҳада ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидандир.
«Кейинги вақтларда бутунжаҳон Интернет тармоғи ва ижтимоий тармоқларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот материалларини бериб бориш, болаларни Интернетдаги турли ахборот хуружларидан ҳимоялашга қаратилган электрон шаклда иллюстрация қўлланмалари яратиш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмаган», дейилади хабарда.
Маълумот учун, Олий Мажлис Сенатининг йиғилишида сенаторлар, Қўмита экспертлари, доимий комиссия раислари, Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.