Ўзбекистондаги ГЭСларда сув танқислиги сабаб электр токи ишлаб чиқариш ҳажми камайди
Электр энергияси ишлаб чиқариш 2019 йилга нисбатан 1 млрд 200 миллион киловатт/соатга камайган

Ўзбекистонда 2021 йилда сув танқислиги туфайли гидроэлектр станцияларда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 30 фоизга камайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда. ГЭСларда сув ҳажмининг камлиги сабабли электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари камайиши кузатилмоқда ва бунинг оқибатида айрим ҳудудларда электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар бўлмоқда.
Қайд этилишича, муаммо гидроэлектр станцияларида электр энергияси ишлаб чиқаришнинг қисқариши билан боғлиқ. Бу ўз навбатида, эҳтиёжни тўлиқ қоплаш учун зарур миқдорда электр энергияси етишмаслигига олиб келган.
Демак, 2019 йилда гидроэлектр станцияларда ишлаб чиқариш 6,5 миллиард киловатт/соатни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич ўтган йилги кўрсаткич каби 5 миллиард киловатт-соатни ёки 1,5 миллиард киловатт-соатга кам (30 фоиз)ни ташкил этмоқда. Таъкидланишича, мазкур 1 миллиард 200 миллион киловатт-соат электр энергия билан республика аҳоли истеъмолчиларини бир ой мобайнида узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мумкин.
Шунингдек, 2021 йилда сув омборларида белгиланган сув захиралари тўпланмагани нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикаларда ҳам кузатилмоқда. Шунга қарамасдан, мамлакатда мавжуд барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда электр станциялар орқали режада кўрсатилган ҳажмларда электр энергияси ишлаб чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда Туркия компанияси билан электр энергияси бўича 109 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда илк бор фуқаро давлатга электр токи сотишни бошлагани ҳақида хабар берилди.






