Ўзбекистоннинг 2022 йил учун давлат бюджети тақсимланишидаги ўзгаришлар маълум қилинди
Ижтимоий соҳа харажатларининг қарийб 45 фоизи таълим соҳасига тўғри келади.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида 2022 йил учун давлат бюджетидаги ўзгаришлар юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 7 декабрь куни Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ва Молия вазирлиги ҳамкорлигида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестиция ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссиялари билан «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун муҳокамаси юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтган.

Қайд этилишича, қонун билан ижтимоий соҳа харажатларининг қарийб 45 фоизи таълим соҳасига, хусусан, мактабгача таълим муассасаларига 8,6 триллион сўм, халқ таълимига 30,8 триллион сўм, ўрта махсус ва олий таълимга 7,5 триллион сўм маблағ ажратилмоқда.
Бундан ташқари, 2022 йилда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига (марказлашган инвестиция харажатлари билан бирга) 24,0 триллион сўм маблағ ёки 2021 йил тасдиқланган режага нисбатан 3,5 триллион сўм ёки 17 фоизга кўп маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатларининг вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларига қўшимча тарзда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тушумларини туманлар ва шаҳарлар бюджетларига йўналтириш ваколати берилмоқда.

Шунингдек, 2021 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан Қорақалпоғистон умумтаълим муассасалари, мактабгача таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шунингдек суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари доирасида объектларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш харажатлари Қорақалпоғистоннинг республика бюджетидан амалга ошириш белгиланган. 2022 йилдан бошлаб қонун билан ушбу механизм бошқа барча вилоятларга жорий этилмоқда.
Қонунга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъулияти ва манфаатдорлигини кучайтириш, ваколатларини кенгайтириш мақсадида бир қанча бюджет ўзгаришлари татбиқ этилмоқда. Хусусан, адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш, кўп квартирали уй-жой фондига туташ ҳудудларни таъмирлаш харажатлари ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига кирувчи иссиқлик таъминоти ташкилотларининг иссиқлик тармоқлари ва қозонхона ускуналарини капитал таъмирлаш харажатлари маҳаллий бюджетларга ўтказилмоқда.
Шунингдек, солиқ тўловчилар ўзлари тўлаётган солиқлардан қилинадиган харажатлар ёки уларнинг тақсимланишида бевосита иштирок этиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида республиканинг барча туман (шаҳар)ларида тасдиқланган умумий харажатларнинг 5 фоизи, шунингдек, туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтирилиши белгиланмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йилги давлат бюджети харажатларининг таркиби эълон қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон давлат бюджетига ўзгартиришлар киритилгани хабар қилинди.






