Ўзбекистоннинг 4 ҳудудида 740 млн долларлик кимё кластерлари қурилади
Президент кластерларнинг самарадорлигини ошириш бўйича тавсияларини берди

Президент Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни кимё саноатида амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва янги лойиҳалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 13 февралдаги қарорига мувофиқ келгусида Қорақалпоғистон, Тошкент, Навоий ва Фарғона вилоятларида 4 та юқори қийматли товар ишлаб чиқаришга қаратилган технологик кимё кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Уларда углерод, полиэфир ва ацетат толаси, поливинилацетат, калий нитрати каби 20 дан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, 2022 йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 12 триллион сўмга, экспортни 380 миллион долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилган. Соҳани рақамлаштириш, корхоналарда операцион харажатлар ва энергия сарфини қисқартириш орқали маҳсулот таннархини камайтириш вазифаси қўйилган.

Хабарга кўра, умумий қиймати 740 миллион долларлик 4 та йирик лойиҳа бўйича қурилиш ишлари бошланади. Шунингдек, 2022 йилда суюқ комплекс ўғитлар, карбамид формальдегид смоласи, гидроксипропил-метилцеллюлоза, кальций хлорид каби янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мутасаддиларга ушбу лойиҳалар ижросини доимий назоратга олиш бўйича кўрсатма берилган.

Шу билан бирга, корхоналарни трансформация қилиш, уларга замонавий технологиялар ва бошқарув тизимини жорий этиш ишларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланган. Янги корхоналарни кадрлар билан таъминлаш масаласи муҳимлиги қайд этилган.
Шу мақсадда келгуси йилда 6 минг нафар олий ва ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш мўлжалланган. Тармоқдаги 6 та корхона негизида ўқув марказлари ҳамда Чирчиқ шаҳрида ишчи-мутахассислар тайёрлаш мажмуасини ишга тушириш белгиланган. Шунингдек, мутахассисларни кимё саноатининг бугунги ривожи ва иш берувчининг талаблари асосида тайёрлаш муҳимлиги таъкидланган. Йиғилишда белгиланган вазифалар бўйича тегишли ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси таъминланади.
Аввалроқ Президент Тошкентда «Буюк ипак йўли» бекатидан ТТЗгача бўлган ерости йўли лойиҳаси билан танишгани хабар қилинганди.






