Ўзбекистоннинг баъзи аэропортларида парвозлар кечиктирилди
Самолёт қатновларининг кечиктирилишига қуюқ туман сабаб бўлди.

Ўзбекистоннинг Урганч ва Нукус шаҳарлари аэропортларда кучли туман туфайли парвозлар кечиктирилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 3 декабрь тунида Урганч ва Нукус аэропортларида ёмон об-ҳаво натижасида кўриш имконияти ёмонлашгани муносабати билан самолётлар учиш ва қўнишни амалга ошира олмаган.
Қайд этилишича, қуюқ туман туфайли Урганч аэропортида кўриш имконияти 200 метрни ташкил этган. Москвадан AFL-1976 қатновини бажараётган самолёт соат 03:25да Шереметьево аэропортидан уча олмаган.
Худди шундай ҳолат яна иккита қатновда кузатилган. Жумладан, соат 04:35 даги SBI6481 Самара–Урганч қатнови ҳамда соат 03:30 даги SVR2473 қатнови Санкт-Петербургдан учиб кета олмаган. Самолётлар об-ҳаво шароити яхшилангунга қадар Урганч учиш аэропортида қолмоқда.
Шунингдек, кўриш масофаси 200 метр бўлган қуюқ туман Нукус аэропорти фаолиятини ҳам чеклаган. HY15/16 ва HY11/12 қатновлари Тошкент аэропортида учишни кутмоқда. Соат 11:30 да Нукус–Актау йўналиши бўйича учишни амалга ошириши керак бўлган HY9727/9728 қатнови парвозининг чекланиши ҳам мустасно эмаслиги хабарда таъкидланган.
Аввалроқ Uzbekistan Airways Янги йил муносабати билан Дубайга қўшимча қатновларни йўлга қўйгани хабар қилинганди. Шунингдек, Uzbekistan Airways Намангандан Россиянинг 8 та шаҳрига парвозларни йўлга қўйиши ҳақида хабар берилди.






