Ўзбекистоннинг туристик хизматлар экспорти пандемиядан сўнг 420 млн доллардан ошди
Таъкидланишича, йил якунига қадар 490 та лойиҳа амалга оширилиши ва 6850 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 2021 йил давомида 1 миллион 881 345 нафарга етиб, туристик хизматлар экспорти 422,1 миллион долларини ташкил этди. Бу ҳақда туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Ботир Шаҳриёров маълум қилди.
Вазир ўринбосари ўз нутқида соҳанинг норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, туризм йўдналишида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ва инвестицияларни жалб этиш йўлида амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган кўрсаткичлар бўйича атрофлича маълумот берди.
«2021 йил давомида Ўзбекистонга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 1 миллион 881 345 нафарга етиб, туристик хизматлар экспорти 422,1 миллион долларни ташкил этди. Пандемиядан сўнг ички туризмни тиклаш ва аҳолининг тизимли саёҳатларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Статистик маълумотларга мувофиқ, 2021 йилда ҳудуд, яъни вилоятлар, Тошкент шаҳар, Қорақалпоғистондан ташқарига чиққан аҳолининг сафарлари сони қарийб 6 миллион нафарга (5 813,9 минг) етди», — деди Шаҳриёров.
Матбуот анжумани доирасида берилган маълумотларга кўра, ҳудудларда 133 та янги меҳмонхона (хоналар сони 3384 та) ва 210 та ҳостел (хоналар сони 1946 та) фаолияти йўлга қўйилиб, жами жойлаштириш воситалари сони 1442 та улардаги ўринлар сони эса 71 247 тага етказилган.
Туристик обектларда интернет тармоғига уланиш учун жорий йилда 702 та Wi-Fi нуқталари ташкил этилиб, уларнинг сони республика бўйича 3450 тага етказилган.
Шунингдек, йил бошида туризм инфратузилмасини яхшилаш, хусусан, йўловчи сайёҳларнинг кўзланган манзил бўйлаб тўғри ҳаракатланишини таъминлаш бўйича жами 1 747 та, шундан 2021 йил давомида 437 та туристик йўл кўрсаткичлари ўрнатилган.
Туризм соҳасида инвестиция жалб қилиш ишлари
Маълум бўлишича, 2021 йилда туризм соҳасидаги барча инвестиция лойиҳалари доирасида умумий қиймати 6,9 триллион сўм бўлган маблағлар ўзлаштирилди.
Шундан ташаббускор маблағлари — 3,5 триллион сўм, банк кредитлари — 737,5 миллиард сўм, хорижий инвестициялар — 238,7 миллион доллар, хорижий кредит линиялари — 15,6 иллион доллардан ошади.
Таъкидланишича, йил якунига қадар 490 та лойиҳа амалга оширилиши ва 6850 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.