Президент 1 трлн 300 млрд сўмлик «Тошкент индекс» мажмуасини бориб кўрди
Мажмуада жами 13 мингта янги иш ўрни ташкил этилади.

Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманидаги «Тошкент индекс» савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мажмуа ҳудуди 72 гектардан иборат. Бу ерда қарийб 1 триллион 300 миллиард сўм эвазига савдо дўконлари, логистика ва экспо марказлари, меҳмонхона, ошхона барпо этилмоқда. Уларда жами 13 мингта янги иш ўрни ташкил этилади. Лойиҳанинг биринчи босқичи бу йил Наврўз байрами арафасида ишга туширилади.

Шу ерда Янгиҳаёт ва Сергели туманларини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Қайд этилишича, 2021 йили Янгиҳаёт туманида 600 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 мингдан зиёд иш ўрни очилгани қайд этилган. Сергели туманида 65 та лойиҳа натижасида 2 минг 600 та иш ўрни ташкил этилган. Мактабгача таълим муассасалари, поликлиникалар, спорт майдончалари қурилган. Ички йўллар, коммунал тармоқлар таъмирланган.

Йиғилишда 2022 йилги вазифалар кўрсатиб ўтилган. Жумладан, 2022 йил Янгиҳаёт туманида жами қиймати 3,8 триллион сўм бўлган 61 та лойиҳани амалга ошириб, 26 мингта янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
«Янги шаҳар» лойиҳаси доирасида 5 миллион квадрат метр уй-жой, кўплаб ижтимоий соҳа объектлари қурилади. 430 минг аҳоли уй-жой билан таъминланади. «Йўлдош» мавзесидаги эски ёғоч уйлар бузилиб, уларнинг эгаларини замонавий турар жойларга кўчириш дастури бошланади.

Аҳоли зич маҳаллаларда учта болалар боғчаси, иккита мактабда қўшимча бино қурилади. Жамоатчилик фикри асосида аҳоли муаммоларини ҳал этишга 3,2 миллиард сўм йўналтирилади.
Таъкидланишича, Сергели туманида умумий қиймати 6,4 триллион сўм бўлган 79 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 31 мингта доимий иш ўрни яратиш мўлжалланган. Жумладан, «Алютекс» корхонасида алюмин профиллар, «Резалит строй груп» корхонасида электрокар эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Шунингдек, 2 та мактаб, 2 та болалар боғчаси ва оилавий поликлиника қурилади. «Алишер Навоий» мавзесида Янги Ўзбекистон массивини қуриш ишлари бошланади.
Йиғилишда Тошкент шаҳри туманларининг ҳоким ва сектор раҳбарлари сўзга чиққан. Ҳоким ёрдамчилари иштирокида иқтисодий, ёшлар етакчилари билан ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳақида ахборот берган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкентда «бокс стрит» қуриш лойиҳаси билан танишгани хабар қилинганди. Шунингдек, Президент «Янгиҳаёт» технопаркини кўздан кечиргани ҳақида хабар берилди.






