Қимматбаҳо «ўйинчоқлар»: Мордашовнинг яхтаси ва Абрамовичнинг самолёти қанча туради?
Nord 2021 йилнинг энг йирик яхталаридан бирига айланди.

2021 йилда ўзлари учун олинган энг қимматли совғалар билан миллиардерлар Роман Абрамович ва Алексей Мордашов мақтаниши мумкин.
Nord яхтаси
- Эгаси: Алексей Мордашов, «Северсталь»
- Кемасозлик заводи: Lürssen
- Узунлиги: 141,6 метр
- Ялпи тоннаж: 9250 тонна
- Нархи: камида 300 миллион доллар

Nord яхтаси 2021 йил бошида Алексей Мордашовга топширилган эди. 141,6 метрли қайиқ дунёдаги етакчи мегаяхта қурувчилардан бири бўлган Германиянинг Lürssen кемасозлик заводида қурилган. Nord 2021 йилнинг энг йирик яхталаридан бирига айланди. Энг бой россияликларнинг энг йирик қайиқлари рўйхатида у Роман Абрамовичнинг Eclipse ва Solaris яхталаридан, Алишер Усмоновнинг Dilbar ва Андрей Мелниченконинг Sailing Yacht яхтасидан кейин бешинчи ўринни эгаллади.
Олти қаватли яхта 20 та кабинада 36 нафар меҳмон ва 40 нафаргача экипаж аъзоларини қабул қилиши мумкин. Яхтада катта сузиш ҳавзаси, қуёшли террасадаги жакузи, соҳил ҳудуди, дайвинг маркази, кинотеатр, барбекю учун майдон, тендерлар учун гараж ва иккита вертолёт қўниш майдончаси мавжуд.
«Nord нафақат катта ўлчами, балки ўзига хос услуби билан ҳам энг машҳур яхталардан бири ҳисобланади. Шубҳасиз, қайиқ узоқ вақт давомида ўз мақомини ва қийматини сақлаб қолади», — дейди Yacht Harbour асосчиси Дмитрий Семенихин.
P4-BDL корпус рақамига эга 787-8 Dreamliner самолёти
- Эгаси: Роман Абрамович, Millhouse
- Ишлаб чиқарувчи: Boeing
- Парвоз масофаси: 18 418 километр (25 йўловчи билан)
- Салон майдони: 224,4 метр квадрат
- Нархи: камида 350 миллион доллар

Millhouse компаниясининг асосий эгаси Роман Абрамович бу йил ўзига ҳашаматли Boing 787-8 Dreamliner самолётини сотиб олди. Дунёдаги барча авиакомпанияларда атиги 250 та бундай самолёт бор, Россияда эса умуман йўқ. Бундай улкан самолётлар камдан-кам ҳолларда шахсий эҳтиёжлар учун ишлатилади.
Абрамович сотиб олган Dreamliner 2015 йил июнь ойида Швейцариянинг Privateair хусусий авиакомпанияси учун қурилган, бироқ унга ҳеч қачон топширилмаган. 2019 йилда уни жиҳозлаш россиялик миллиардернинг илтимосига биноан бошланди.
Маълум қилинишича, самолёт 50 нафаргача йўловчини ташиш имкониятига эга: қўриқчилар учун 10 та, самолёт ходимлари учун 10 та ва меҳмонлар учун 30 та ўриндиқ мавжуд.
Dreamliner 25 нафар йўловчи билан 18 418 километр масофани босиб ўтиши мумкин. Ушбу моделнинг каталог қиймати 248,3 миллион долларни ташкил этади, унинг қўшимча жиҳозлари миллиардерга камида яна 100 миллион долларга тушади.
«Шу билан бирга, самолётни пардозлаш ва жиҳозлашнинг ўзига хос қиймати анча юқори бўлиши мумкин, барчаси мижознинг хоҳишига боғлиқ. Масалан, Абрамовичнинг олдинги самолётига ракетага қарши тизим ўрнатилган эди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Абрамовичнинг янги самолёти Россиянинг бугунги кундаги энг қиммат шахсий самолётига айланиши ҳақида баҳслашиш мумкин», — дейди нашр манбаси.
Хабарга кўра, Boeing 787-8 ва 787-9 VIP (Very important person — жуда муҳим инсон) мижозлар учун аталган. Бундай самолётлар йилига 2-3 та ишлаб чиқарилади.
Самолётнинг безак ишлари ҳақиқатан ҳам кўп пул талаб қилиши мумкин: масалан, Саудия Арабистони ҳукуматига интерьер самолётнинг ўзидан ҳам қимматроққа тушган. Қатар ҳукумати томонидан Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга совға қилинган Boeing 787 самолётининг ички кўриниши учун 120 килограммдан ортиқ қимматбаҳо металлар ишлатилган.
Аввалроқ 2021 йилда сотилган 10 та энг қиммат супер яхта ҳақида батафсил маълумот берилганди.






