Қирғизистон Президенти 2020 йилда қанча пул ишлаб топгани маълум бўлди
Қирғизистон Солиқ хизмати Президентнинг даромадлари ва харажатлари декларациясини эълон қилди.

2020 йилда Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 247 953 сом (тахминан 2900 доллар — таҳр.) ишлаб топган. Бу ҳақда мамлакат Солиқ хизмати эълон қилган давлат раҳбарининг даромадлари ва харажатлари декларациясида сўз боради.
Ҳужжатда Жапаров бош вазир сифатида кўрсатилган. Эслатиб ўтамиз, у 2020 йилнинг октябрь ойида ҳукуматни бошқарган. Сооронбай Жээнбеков истеъфога чиққанидан сўнг, Жапаров Президент вазифасини бажара бошлаган. 2021 йил январь ойида эса у давлат раҳбари этиб сайланган.
Декларацияга кўра, 2020 йилда Жапаров 247 953 сом ишлаб топган. Бундан ташқари, ҳужжатда давлат раҳбарининг умумий майдони 6 гектар бўлган қишлоқ хўжалиги ерлари борлиги ҳам кўрсатилган. Жапаровнинг шахсий кўчмас мулки ва машинаси йўқ.
Қайд этилишича, Қирғизистон Президентининг яқин қариндошлари 50,7 ва 389 квадрат метрлик иккита уйга эгалик қилади. Шунингдек, «Умут булаги» жамоат фонди ва битта гараж Жапаровнинг яқин қариндошларига тегишли.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистоннинг амалдаги Конституцияга кўра, бош вазир лавозими бекор қилинган.
Аввалроқ Канаданинг Centerra gold компанияси Қирғизистоннинг «Қумтор» олтин конини активлар рўйхатидан чиқариб ташлагани хабар қилинганди.






