«Қўйлиқ» бозори босқичма-босқич кўчирилиши маълум қилинди
Кадастри борларнинг зиёни давлат томонидан 100 фоиз қоплаб берилади.

Тошкент шаҳар Бектемир туман ҳокими Тапил Маҳамадзияев 13 декабрь куни ўтказилган йиғилишда «Қўйлиқ» бозори босқичма-босқич кўчирилишини таъкидлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
«‘FOODCITY’ Бектемир ҳудудида жойлашган ва Бектемир ҳудудида бўлади. ‘FOODCITY’да шундай шароитлар яратилган-ки, керак бўлса, бундай шароитлар ўзимизнинг Ecobozor’да ҳам йўқ. ‘Қўйлиқ’да асфальтда ўтириб сотгандан кўра, ўша ерга (‘FOODCITY’—таҳр.) олиб бориб, сотган маъқул. ‘FOODCITY’га этапма-этап (босқичми-босқич) ўтилади», — дейди Маҳамадзияев.
Ҳокимнинг сўзларига кўра, «Қўйлиқ» бозорида кадастрга эга бўлганларнинг зиёни давлат томонидан 100 фоиз қоплаб берилади.
Қўйлиқ «FOODCITY»га кўчирилганидан сўнг, нархлар кўтарилиб кетмайдими, деган саволга туман ҳокими қуйидагича жавоб берган:
«У ерда 4 та катта монитор бор. Бир айлантириш 100 миллион сўм. У бозорга қўшимча даромад олиб келади. Шунинг ҳисобига ‘FOODCITY’ 3 ой давомида ҳеч қанақа патент тўловисиз одамларни қабул қилади», — дейди ҳоким.
Шунингдек, Бектемир туман ҳокими ўзи ҳам «Қўйлиқ» бозоридан харид қилишини, бироқ охирги пайтларда у ерда шароит яхши эмаслиги ҳамда мажмуадага тартибсизлик ортидан бирор бир харидорнинг жароҳат олиши ҳеч гап эмаслигини қўшимча қилган.
Аввалроқ Тошкент шаҳридаги «Қўйлиқ» бозори Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидаги Мехнатобод кўчасида жойлашган «FOODCITY» савдо марказига кўчирилиши хабар қилинганди. Шунингдек, «Қўйлиқ деҳқон бозори»нинг хавфсизлик бўйича директор ўринбосари Қодиржон Нормирзаев аслида бозор кўчирилиши ҳақида хабар тарқалишига ҳеч қандай асос йўқлиги, бу хусусида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ёки юқори ташкилотлардан бирор топшириқ келмаганини маълум қилганди.






