Россияда меҳнат муҳожирлари ўртача қанча ойлик олиши маълум бўлди
Меҳнат муҳожирларининг даромади ҳақида тадқиқот ўтказилди.
Россиядаги меҳнат муҳожирларининг ўртача маоши ойига 47,1 минг рубль ёки тахминан 6,8 миллион сўмни ташкил этади. Бироқ мигрантлар ойига 77 минг рубль ёки 11 миллион сўм атрофида маош олишни истайди. Бу ҳақда Россия мигрантлари федерацияси президенти Вадим Коженовнинг сўзларига таяниб, «Спутник» хабар берди.
Қайд этилишича, мутахассислар 2021 йил давомида Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан келган жами 4739 нафар муҳожирлар билан суҳбатлашиб, тадқиқот ўтказган. Таҳлил натижаларига кўра, Россияга янги келган муҳожирлар ўртача 77,2 минг рубль даромад олишни хоҳлашлари маълум бўлган.
Шунингдек, рус тилини ёмон билганлар 37 минг рубль, яхши билганлар эса 49 минг рубль олиши қайд этилган.
Муҳожирларнинг 54,4 фоизи ватанида маош пастлиги, 30,5 фоизи ўз мамлакатида иш йўқлиги, 18 фоизи эса умуман турмуш даражаси пастлигидан шикоят қилган.
Коженовнинг таъкидлашича, сўровномада қатнашган муҳожирларнинг 27,5 фоизи кунига саккиз соатдан ўн соатгача, 22 фоиздан камроғи саккиз соат ёки ундан кам вақт ишлайди.
Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки томонидан меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларининг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича лойиҳа амалга оширилиши бошлангани хабар қилинганди.