Самарқанд халқаро аэропорти қачон очилиши маълум бўлди
Айни пайтда янги аэродром мажмуаси қурилиши тўлиқ якунланган.

Самарқанд халқаро аэропорти 10 декабрдан минтақавий ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатишни бошлайди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, айни пайтда янги аэродром мажмуаси қурилиши тўлиқ якунланган. Унинг таркибида узунлиги 3105 метр ва эни 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги ҳамда 24 та самолёт стендлари учун перрон мавжуд.
Шунингдек, аэродром мажмуасида Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг иккинчи тоифасига мос келадиган замонавий энергия тежовчи ёруғлик сигнализация ускуналари ва қўниш тизими ўрнатилган.
Хабарга кўра, аэровокзал мажмуаси қурилиши давом этмоқда.
Аввалроқ Самарқанд халқаро аэропортининг ёпилиши декабрь ойининг ўрталарига қадар узайтирилгани хабар қилинганди. Ушбу вақт давомида рейслар вақтинча республиканинг бошқа халқаро аэропортлари — «Навоий», «Бухоро», «Қарши» аэропортларига йўналтирилган эди.






