Шавкат Мирзиёев ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарорни имзолади
Республика бўйлаб 2023 йилдан бошлаб «Имкониятлар маркази» фаолияти йўлга қўйилади

Президентнинг «Ногиронлиги бўлган шахслар жамиятларига тегишли ташкилотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2023 йил 1 январга қадар ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахслар ҳамда улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг ягона реестри юритилади.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан иш ўринлари ва шароитларни ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратишда ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган иш ўринларининг меҳнат шароитлари юзасидан давлат экспертизаси хулосасини талаб қилиш тартибини бекор қилинади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат харидлари доирасида ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб режа-жадвалларидаги харид предмети ҳажмининг камида 10 фоизи миқдорида жойлашган ҳудуди бўйича тегишлича Реестрга киритилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган товарларни шартнома асосида сотиб олади.
Шунингдек, 2022 йил давомида тажриба тариқасида Нукус ва Тошкент шаҳарларида ҳамда 2023 йилдан бошлаб қолган ҳудудларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигига кўмаклашиш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, маданият, санъат, спортга оид қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Имкониятлар маркази» фаолияти ташкил этилади.
Аввалроқ ногиронлик пенсиясига иш стажини қўшиб ҳисоблашни кўзда тутувчи қонун сенатда маъқуллангани ҳақида хабар қилинганди.






